February 22

“Долзарб яшил ойлик” – маҳаллаларни обод ва яшил қилиш сари эзгу қадам

Атроф-муҳитни асраш, яшил ҳудудларни кенгайтириш ҳамда шаҳар ва қишлоқларимизни обод қилиш ҳар биримизнинг бурчимиздир. Президентимиз ташаббуси билан ҳар йили анъанавий тарзда ўтказилаётган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида бу йил ҳам юртимиз бўйлаб кўплаб экологик тадбирлар ўтказилмоқда. Шу жумладан, жорий йилнинг 10-февралидан 10-мартигача бўлиб ўтаётган “Долзарб яшил ойлик” акцияси доирасида Ғузор туманидаги “Қоракўл” МФЙдаги Машъал массивида кенг кўламли ҳашар ишлари ташкил этилди.

Мазкур ободонлаштириш тадбирларида Шўртан газ кимё мажмуасининг ушбу маҳаллада истиқомат қилувчи ишчи-ходимлари ҳамда мажмуа фаол ёшларидан иборат волонтёрлар фидокорона меҳнат қилдилар.

Аҳоли турмуш шароитини яхшилаш ва экологик барқарорликни таъминлаш мақсадида ташкил этилган мазкур экоакцияда қуйидаги ишлар амалга оширилди:

  • Маҳаллага бориш йўллари бўйлаб янги манзарали ва мевали дарахтлар экилди.
  • Ички ариқлар тозаланиб, сув ўтказувчанлиги яхшиланди.
  • Маҳалладаги ижтимоий объектлар ва маҳалла биноси атрофи тартибга келтирилди.
  • Аҳолининг томорқа ерларини экинга тайёрлашга кўмаклашилди.
  • Мавжуд дарахтлар ва йўл чети тўсиқлари(бардёрлар) оқланиб, уларга агротехник хизмат кўрсатилди.

Ҳашар азалдан халқимиз орасида эзгулик ва ҳамжиҳатлик рамзи сифатида қадрланиб келган. Зеро, маҳалла ва шаҳарларни обод қилиш фақатгина муайян ташкилотларнинг эмас, балки ҳар бир фуқаронинг масъулиятли бурчидир. Айниқса, ёшларнинг ушбу жараёнга фаол жалб этилгани уларнинг экологик онгини шакллантириш ва ватанпарварлик ҳиссини мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Бугун Шўртан газ кимё мажмуаси ходимлари ўз меҳнати билан ушбу маҳаллани ободонлаштиришга катта ҳисса қўшмоқдалар. Уларнинг саъй-ҳаракатлари нафақат атроф-муҳитни гўзаллаштириш, балки маҳалладаги ижтимоий бирлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашга ҳам хизмат қилади.

Ҳурматли юртдошлар!
Обод ва яшил муҳит – фарзандларимиз учун қолдирадиган бебаҳо меросимиздир. Ҳар бир инсон ўз хонадонини ва маҳалласини тартибга келтиришда ўзи ташаббус кўрсатиши ва ҳаракат қилиши лозим. Биргаликда амалга оширилган ҳар бир эзгу иш келажак авлодлар учун тоза, яшил ва экологик соғлом муҳит яратишда муҳим ўрин тутади.

Шундай экан, “Долзарб яшил ойлик” доирасида амалга оширилаётган ишларга сиз ҳам ўз ҳиссангизни қўшинг! Маҳалламизни обод, келажагимизни яшил қилайлик!

«Шўртан газ кимё мажмуаси» МЧЖ Матбуот хизмати

|web-sayt|telegram|YouTube|