“Ўзбекнефтгаз” АЖ тадбиркор ва хунарманд аёллари
Янги Ўзбекистонда хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири бўлиб, давлатимиз томонидан тадбиркорлик фаолиятида аёллар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ва имкониятлар яратилмоқда.
Жумладан, жорий йилнинг 22-23 ноябрь кунлари Қарши шаҳрида ўтказилган Ҳудудий тармоқлараро саноат ярмаркасида тадбиркорлик ва кичик бизнес билан шуғулланиш истагида бўлган ҳунарманд аёлларни қўллаб-қувватлаш мақсадида “Ўзбекнефтгаз” АЖ хотин-қизлар масалалари бўйича жамоатчилик кенгаши ташаббуси билан "Шўртан газ кимё мажмуаси" МЧЖ, Шўртан нефт ва газ бошқармаси ва Муборак газни қайта ишлаш корхоналарининг бир гуруҳ тадбиркор ва ҳунарманд аёллари ишдан бўш вақтларида яратган каштачилик, тикувчилик, тўқувчилик, рассомчилик, тақинчоқ ва сумкалар ясаш, совун ишлаб чиқариш каби тадбиркорлик ва ҳунармандчилик намуналари билан иштирок этишди.
Ярмаркага ташриф буюрган хорижий меҳмонлар, хотин-қизларимиз яратган ижод намуналари билан танишишди. Хорижий меҳмонлар сафида бўлган БМТнинг Ўзбекистондаги доимий координатори Доктор Сабине Маҳл аёлларимиз томонидан яратилган шарқона либослар, оёқ кийимлар, тақинчоқлар ва қўл меҳнати намунаси бўлган сўзаналарга катта қизиқиш билдирди.
Шунингдек, Қашқадарё вилояти Оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи Зиёда Аминова “Ўзбекнефтгаз” АЖ тадбиркор ва ҳунарманд аёллари ва улар яратган маҳсулот намуналари билан яқиндан танишди. Хотин-қизларимизга тадбиркорлик фаолиятини кенгайтириш ва келгусида янги иш ўринлари, маҳсулотларини чет давлатларга экспорт қилиш орқали нафақат даромад олишлари, мамлакатимиз иқтисодиётига ҳам ўз ҳиссаларини қўшишлари мумкинлигини таъкидлади.