December 5, 2024

ШГКМ Ёшлар бошланғич ташкилоти томонидан "Яшил маконда биргаликда яшаймиз" шиори остида кузги ниҳол экиш акцияси ўтказилди 

Бугунги кунга келиб табиат софлиги энг долзарб масалага айланди. Ҳаво ва сувнинг ифлосланиши, тупроқ эрозияси, чўлланиш, глобал исиш - табиий мувозанатга ва одамлар соғлиғига жиддий зарар етказмоқда. Юртимизда бунинг олдини олиш ва бу каби муаммоларга қарши самарали курашиш мақсадида кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Бунга яққол мисол сифатида айтиш мумкинки, бундан уч йил аввал бошланган "Яшил макон" умуммиллий лойиҳаси, бугунги кунга келиб умумхалқ ҳаракатига айланиб улгурди. Лойиҳа доирасида ҳар йили баҳор ва кузда юртимиздаги барча маҳаллаларда, корхона ва ташкилотларда, таълим муассасаларида ва бошқа жойларда кенг кўламда дарахт кўчатлари экиш анъана тусини олди.

Хусусан, жорий йилнинг 3 ноябрь куни "Шўртан газ кимё мажмуаси" МЧЖ Ёшлар бошланғич ташкилоти жамоаси томонидан ҳам завод ҳудуди ва атрофидаги яшил майдонларни янада кенгайтириш мақсадида "Яшил маконда биргаликда яшаймиз" шиори остида экоакция ўтказилиб, кузги мавсум учун ниҳол экиш ишларида ўз ҳиссаларини қўшдилар.

Ушбу хайрли ишда ШГКМ Ёшлар бошланғич ташкилотининг етакчилар кенгаши аъзолари, координаторлари ва бир гуруҳ фаол ёшлар иштирок етишди.

Тадбир доирасида қурғоқчиликка, касаллик ва зараркунандаларга чидамли бўлган 250 тупдан ортиқ манзарали дарахтлар экилди.

Экилган дарахтлар мунтазам парвариш қилиниб, минерал ва органик ўғитлар билан озиқлантирилиб, зараркунандалардан ҳимоя қилиб борилади.

Шунингдек, ушбу экилган барча ниҳолларни суғоришда, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш мақсадида томчилатиб суғориш тизимларидан фойдаланилади.

«Шўртан газ кимё мажмуаси» МЧЖ Матбуот хизмати

|web-sayt|telegram|YouTube|