March 28, 2023

"Шўртан газ кимё мажмуаси"МЧЖ да “Конституция меники, сеники, бизники! Конституция ўзимизники” шиори остида Конститутсиявий қонун лойихаси бўйича ишчи-ходимлар билан учрашув ўтказилди

“Шўртан газ кимё мажмуаси” МЧЖда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Шахноза Холмахматова ва ЎзЛиДеП Қашқадарё вилоят Кенгаши аппарат раҳбари Орзиқул Шеров иштирокида мажмуа ишчи-ходимлари билан “Конституция меники, сеники, бизники! Конституция ўзимизники” шиори остида учрашув бўлиб ўтди.

Дастлаб Ш.Холмахматова сўзга чиқиб Конституцияга киритилаётган концептуал ўзгаришларнинг фуқароларимиз фаровонлигини таъминлашдаги аҳамиятлари тўғрисида сўз юритди.

Маълумки, Конституциявий қонун лойиҳаси билан амалдаги Конституцияга 27 та янги модда киритилмоқда, моддалар сони 128 тадан 155 тага ошмоқда, Конституциямизнинг амалдаги 275 та нормаси 434 тага кўпаймоқда, яъни амалдаги Конституциямиз 65 фоизга янгиланмоқда. Умумхалқ муҳокамаларида 220 мингдан зиёд таклифлар келиб тушган, таклифларнинг ҳар тўрттасидан биттаси лойиҳадан жой олган. Буларнинг ҳаммаси янги таҳрирдаги Конституцияда жамиятнинг барча қатламлари манфаатлари инобатга олингани, Янги Ўзбекистонни қуриш ғояси атрофида бутун жамият жипслашгани, Бош Қомусимиз том маънода халқ Конституцияси бўлаётганидан далолат беради дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Ш.Холмахматова

Учрашув давомида ЎзЛиДеП Қашқадарё вилоят Кенгаши аппарат раҳбари О.Шеров сўз олиб Конституциявий ислоҳотлар мамлакат ҳаётининг барча жабҳаларида кечаётган туб ўзгаришларнинг узвий қисми бўлиб, уларнинг мустаҳкам ҳуқуқий асосини яратиш, инсон шаъни ва қадр-қимматини қонун даражасида таъминлаш ҳамда асосий қонунимизни жамиятдаги ислоҳотларга мослаштиришда муҳим ҳодиса эканлигини алоҳида таъкидлади.

Шунингдек, тадбир давомида Ёшлар иттифоқининг Шўртан газ кимё мажмуасидаги бошланғич ташкилоти етакчиси Ш.Нормуродов ҳамда Маҳаллийлаштириш ва кооперация алоқаларини кенгайтириш бўлими мутахассиси Ш.Тиллаева сўзга чиқиб, сўнгги йилларда ёшлар ва хотин-қизлар учун, уларнинг сифатли таълим олиши ва етук кадр бўлиб етишишларида кенг имкониятлар яратилаётгани, бунга монанд тарзда улар томонидан эришилаётган ютуқлар салмоғи ҳам кундан-кунга ошиб бораётганини таъкидлагани ҳолда янги таҳрирдаги Конституцияда оила, болалар ва ёшлар учун алоҳида боб ажратилганлиги, ёшлар ва хотин-қизларнинг таълим олиши, ижтимоий ва тиббий ҳимояси, уй-жойли бўлиши, бандлиги учун шарт-шароитлар яратиш – давлатнинг конституциявий мажбурияти сифатида киритилаётганлиги муҳим ҳодиса эканлиги ҳақида алоҳида эътироф этишди. Бу келажакда ёшлар ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлашнинг кучли ҳуқуқий-сиёсий асоси бўлишини таъкидлаб ўтишди

Тадбирда сўзга чиққанларнинг барчаси янги Конституциямизнинг мамлакатимиз ҳаётида тутган ўрни, унга киритилаётган янги қўшимчалар ва ўзгаришлар халқимизнинг турмуш тарзини янада фаровонлашишига, инсон қадрини бунданда юксалишига хизмат қилишини таъкидлаб, учрашувга йиғилган барча иштирокчиларни 30 апрел куни бўлиб ўтадиган референдумда фаол иштирок этишга чорладилар.

«Шўртан газ кимё мажмуаси» МЧЖ Матбуот хизмати

|web-sayt|telegram|YouTube|