"Шўртан ГКМ" МЧЖ ишчи-ходимлари ободонлаштириш ишларида фаол иштирок этмоқдалар
Ватанимиз мустақиллигининг 32 йиллик байрамини нишонлаш, ҳудудларда ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари кўламини янада кенгайтириш, “маҳалладан хонадонгача” тамойили асосида маҳаллалар ҳудудларини ободонлаштириш орқали аҳоли фаровонлигини ошириш мақсадида айни кунларда бутун Республикамиз ҳудудида Ободонлаштириш ойлиги ўтказилмоқда.
Ойлик доирасида "Шўртан газ кимё мажмуаси" МЧЖнинг кўп минг сонли меҳнат жамоаси ҳам ғайрат ва шижоат билан ободонлаштириш ишларида фаол иштирок этмоқдалар.
Жумладан, мажмуа ва мажмуага қарашли ишчилар шаҳарчаси ҳудудида дарахт ва буталарга шакл бериш, қудуқлар ва ариқлар ичини тозалаш, йўл чети тўсиқларини (бардёрлар) оқлаш, мевали ва манзарали дарахтларга ишлов бериш, қурилмалар ҳудуди ва атрофини тозалаш ишлари жадаллик билан бажарилмоқда.
Энг улуғ, энг азиз байрам олдидан ўтказилаётган бу каби тадбирлар халқимизнинг жипслиги, бирдамлигини яна бир карра намойиш этиб, ҳар бир фуқарода мамлакатимизда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишларига дахлдорлик ҳиссини, жамиятимизда ўзаро меҳр-оқибат туйғуларини янада кучайтиради.
Ободонлаштириш ишларидан фотолавҳалар: