April 12, 2023

Шўртан газ кимё мажмуасида "Қувноқлар ва зукколар" кўрик-танловининг саралаш босқичи А-гуруҳ беллашуви бўлиб ўтди

Сўнги йилларда юртимизда маданият ва санъат соҳасини ривожлантиришга қаратилган тизимли чора тадбирлар, кенг кўламли ишлар амалга оширилиб келинмоқда. Хусусан, "Шўртан газ кимё мажмуаси" МЧЖда ҳам ишчи-ходимларнинг бўш вақтларини кўнгилли ва мазмунли ўтказиш, иқтидорли ёшларни излаб топиш, уларга ўз имкониятларини юзага чиқариш учун шароит яратиш мақсадида анъанавий равишда ўтказиб келинаётган “Қувноқлар ва Зукколар” кўрик-танловининг 2023-йилги мавсумига старт берилди ва жорий йилнинг 12-апрел куни саралаш босқичи А-гуруҳ беллашувлари бўлиб ўтди.

Иштирок этган жамоалар кўрик-танлов Низомига мувофиқ тўртта шарт бўйича ўзаро беллашишди ва шарт мезонлари асосида ҳакамлар ҳайъати томонидан баҳоланиб борилди.

Беллашувда мажмуа тасарруфидаги "Қаршитермопласт" цехининг "DINAMIT", Маиший хўжалик хизматининг “AXO MIKS”, Умумий овқатланиш цехи ва Уй-жойдан фойдаланиш хизматининг бирлашган “ARALASH-QURALASH” жамоалари иштирок этишди.

Умумий овқатланиш цехи ва Уй-жойдан фойдаланиш хизматининг бирлашган “ARALASH-QURALASH” жамоаси
"Қаршитермопласт" цехининг "DINAMIT" жамоаси
Маиший хўжалик хизматининг “AXO MIKS” жамоаси

Умумий 4 та шарт юзасидан жамоалар ўзларининг қизиқарли ва мазмунга бой чиқишлари билан иштирок этиб, ўз билим, маҳорат, ижодий салоҳиятларини белгиланган талаб меъёрларига риоя этгани ҳолда кўрсатиб бердилар.

Шартлар якунига кўра "Қаршитермопласт" цехининг "DINAMIT" жамоаси А-гуруҳ беллашувида энг юқори очко тўплаб ғолибликни қўлга киритгани ҳолда кейинги босқичга йўл олди. Умумий овқатланиш цехи ва Уй-жойдан фойдаланиш хизматининг бирлашган “ARALASH-QURALASH” жамоаси иккинчи, Маиший хўжалик хизматининг “AXO MIKS” жамоаси учинчи ўринга эгалик қилдилар.

Танлов якунида иштирок этган жамоа аъзоларига мажмуа маъмурияти ҳамда Касаба уюшма қўмитаси томонидан қимматбаҳо эсдалик совғалари топширилди. Шунингдек, беллашувнинг энг фаол ўйинчиси сифатида Уй-жойдан фойдаланиш хизмати ходимаси Жумаева Ойтош Пардаевна эътироф этилиб, мажмуа Бош директори томонидан эсдалик совғаси билан тақдирланди.

Маълумот учун, саралаш баҳсларининг кейинги беллашуви Назорат ўлчов асбоблари ва автоматлаштириш цехи ва Метрология хизматининг бирлашган "AFANDINING JIYANLARI", Завод марказий лабораториясининг "ULFATLAR", Мажмуа хотин-қизларидан ташкил топган "BESH PARI" жамоалари ўртасида бўлиб ўтади.

#фотолавҳалар:

"Шўртан газ кимё мажмуаси" МЧЖ Матбуот хизмати

|web-sayt|telegram|YouTube|