"Шўртан газ кимё мажмуаси" МЧЖда 28 апрель — “Бутунжаҳон меҳнатни муҳофаза қилиш куни”га бағишланган семинар ўтказилди
Халқаро Меҳнат Ташкилотининг ташаббуси билан 2003 йилдан бошлаб 28 апрель — “Бутунжаҳон меҳнатни муҳофаза қилиш куни” деб эълон қилинган. Ушбу кунда дунёнинг 120 дан ортиқ давлатларида дунё ҳамжамиятининг иш жойларида содир бўлаётган бахтсиз ҳодисалар ва касб касалликларга чалинишнинг олдини олиш ҳамда меҳнат муҳофазаси масалаларига эътиборни янада кучайтириш йўналишида бўлган тадбирлар бўлиб ўтади. Жумладан, бу йўналишдаги тадбирлар “Шўртан газ кимё мажмуаси" МЧЖда ҳам ҳар йили мунтазам равишда ўтказилиб келинмоқда.
Шу муносабат билан жорий йилнинг 28 апрель кунида Мажмуа фаоллар залида “28 апрель — Бутунжаҳон меҳнатни муҳофаза қилиш куни”га бағишланган семинар ўтказилди.
Семинарда "Шўртан газ кимё мажмуаси" МЧЖ маъмурияти, мажмуа Касаба уюшма қўмитаси вакиллари ҳамда мажмуанинг барча цех, хизмат, тармоқ ва бўлимларидан ишчи-ходимлар иштирок этишди.
Семинар давомида, "Шўртан газ кимё мажмуаси" МЧЖ Бош директорининг биринчи ўринбосари Ш.Эшмуродов ва Саноат хавфсизлиги, соғлиқни сақлаш, меҳнат ва атроф-муҳит муҳофазаси бошқармаси бошлиғи У.Ҳайдаров сўзга чиқиб корхонада меҳнатни муҳофаза қилиш ишларини тўғри ташкил этиш ва ишлаб чиқариш жараёнларида вужудга келиши мумкин бўлган бахтсиз ҳодисаларни олдини олиш, хавфсизлик техникаси чораларини кўриш ҳамда бу борада ишчи-ходимларга яратилган шароитлар ва бошқа шу каби масалаларга батафсил тўхталиб ўтишди.
Шундан сўнг, Соғлиқни сақлаш ва меҳнат муҳофазаси хизмати ходимлари фаолиятига бағишланган видеолавҳа ва хизмат ходимлари томонидан тайёрланган, техника хавфсизлиги қоидаларига риоя қилмаслик ҳолатлари қандай оқибатларга олиб келиши мумкинлиги акс этган таъсирли видеолавҳалар намойиш этилди.
Тадбир сўнгида мажмуа маъмурияти ва Касаба уюшма қўмитаси томонидан, мажмуада йиллар давомида меҳнат шароитларини яхшилашга қаратилган чора-тадбирларда фаол иштирок этган, меҳнат қонунчилиги талабларини бузмаган ҳамда меҳнат муҳофазаси соҳасининг ривожи учун муносиб ҳиссаларини қўшиб келаётган бир гуруҳ ишчи-ходимларни рағбатлантириш мақсадида, эсдалик совғалари топширилди.
Ўзбекистон Республикаси Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси маълумотларга кўра, назорат остидаги ташкилотларда рўй берадиган бахтсиз ҳодисаларнинг 60 фоизидан ортиқ ҳолатда ташкилий сабаблар, яъни ишлаб чиқаришда ишларнинг тўғри ташкил этилмаганлиги ва саноат хавфсизлиги соҳасида ходимлар малакасининг етишмаслиги, техник ва технологик жараёнларда ишлаб чиқариш интизомининг пастлиги, ҳамда эҳтиётсизлик ёки таваккалчиликка йўл қўйишлар оқибатида келиб чиқаркан. 30 фоиз ҳолатда техник сабаблар - яъни техник жиҳозлар ва қурилмаларнинг носозлиги, уларнинг конструктив янгиланмаслиги, меъёрий ҳужжат ва лойиҳа талабларига риоя этилмаётганлиги, техник қурилмаларга хизмат кўрсатишда камчиликларга йўл қўйилиш ҳолатларига боғлиқ экан. 10 фоиз яқин ҳолатда эса фавқулодда рўй бериши мумкин бўлган табиий ва техноген ҳодисалар сабаб бўларкан.