"Шўртан ГКМ" МЧЖ: "Лочин - ёш сеҳргарлар мактаби"
Ўзбекистон касаба уюшмалари федерациясига қарашли “Лочин” болалар дам олиш оромгоҳида 2023 йилнинг биринчи мавсуми бошланди.
Оромгоҳда ёш авлодни ҳар томонлама баркамол тарбиялаш, уларнинг интеллектуал салоҳиятини юксалтириш, спорт билан шуғулланиши ва мароқли дам олиши учун барча шарт-шароитлар яратилган.
2023 йилги ''Лочин - ёш сеҳргарлар мактаби'' деб номланган мавсумнинг биринчи оқимида "Шўртан газ кимё мажмуаси" МЧЖ ишчи-ходимларининг 700 нафардан ортиқ фарзандлари, шунингдек ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар фарзандлари ва "меҳрибонлик уйи" тарбияланувчилари ҳамда турдош корхоналар ходимларининг фарзандларидан иборат жами 970 нафар болажонлар дам олишмоқда.
Оромгоҳда болаларнинг ўқишдан ташқари вақтини сермазмун ўтказиш, уларнинг ҳам жисмоний, ҳам руҳий жиҳатдан ҳордиқ чиқаришларини таъминлашга қаратилган 15 дан ортиқ маънавий-маърифий ҳамда спорт тўгараклари ташкил этилган.
Шаҳрисабз шаҳрининг пурвиқор тоғлари бағрида жойлашган "Лочин" болалар дам олиш оромгоҳида 12 кунлик дам олиш, болажонларнинг ҳаётида унутилмас хотиралар, яхши таассуротлар билан эсда қолиши учун оромгоҳ маъмурияти астойдил ҳаракат қилишмоқда!