July 31

"Наврўз кубоги - 2025" футбол мусобақаси ғолиблари аниқланди

Жорий йилнинг январь ойида “Шўртан газ кимё мажмуаси” МЧЖ Бош директори Ш.Асланов ва мажмуада фаолият юритаётган ёшлар ўртасида ўтказилган “Раҳбар ва ёшлар” учрашуви доирасида ёшлар томонидан билдирилган таклифлар асосида, мажмуада катта футбол мусобақаларини қайта жорий этиш ва аввалги анъанавий турнирларни тиклаш мақсадида “Наврўз кубоги” катта футбол мусобақаси ташкил этилди.

Мусобақа апрель ойида старт олди ва унда мажмуанинг турли бўлинмаларидан ташкил топган 8 та жамоа иштирок этди.

Тўрт ой давом этган мазкур турнир ходимлар орасида катта қизиқиш уйғотди ҳамда барчага бир олам завқ улашди. Мусобақа давомида иштирокчи жамоалар ўзларининг жисмоний тайёргарлиги, жамоавий ўйин маданияти ва спортга бўлган меҳр-муҳаббатини намоён этдилар.

Қизғин курашлар остида ўтган мусобақада Электр таъминоти цехининг "Elektrik" жамоаси 3-ўринни, Этилен ишлаб чиқариш цехининг "Etilen" жамоаси 2-ўринни эгаллаган бўлса, Ички сув таъминоти цехи ҳамда Тайёр маҳсулотлар ва хом ашё цехининг бирлашган "Energetik" жамоаси 1-ўринни эгаллаб "Наврўз кубоги-2025" мусобақаси ғолиби бўлди.

Турнир якунида барча ғолиб ва совриндор жамоалар тантанали равишда тақдирланди. Уларга мажмуа маъмурияти ва Касаба уюшма қўмитаси томонидан ташаккурномалар, пул мукофотлари ҳамда медаллар топширилди.

Бундай спорт тадбирлари нафақат соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, балки жамоа аъзолари ўртасида ҳамжиҳатлик ва дўстона муносабатларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Тақдирлаш маросимидан фотолавҳалар:

«Шўртан газ кимё мажмуаси» МЧЖ Матбуот хизмати

|web-sayt|telegram|YouTube|