"Шўртан ГКМ" МЧЖ: "Энг экологик тоза цех" кўрик – танлови ғолибларини эълон қилади!
Она табиатни асраб-авайлаш, атроф-муҳит муҳофазаси, айниқса илм-фан, техника, саноат кундан кунга ривожланиб бораётган бугунги кунда жамиятимиздаги энг долзарб масалалардан бирига айланган.
Аҳоли саломатлиги, халқимиз турмуш фаровонлиги, озиқ-овқат таъминоти кўп жиҳатдан она табиатимиз, унинг муҳофазаси, ер ҳамда табиат неъматларидан самарали фойдаланиш билан бевосита боғлиқ. Шу боис ҳам мамлакатимиздаги ҳар бир соҳа кесимида хусусан, "Шўртан газ кимё мажмуаси" МЧЖда ҳам она табиат ва атроф-муҳит муҳофазасини таъминлашга қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилиб келинмоқда.
Жумладан, “Шўртан газ кимё мажмуаси” МЧЖда ҳар йили баҳорги мавсумга тайёргарлик кўриш, мажмуа ҳудуди ва унга қарашли объектларда санитария-гигиена талабларининг бажарилишини таъминлаш мақсадида, "Ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш" ойлигини ўтказиш билан бир қаторда “Энг экологик тоза цех” кўрик танловини ўтказиш ҳам анъанага айланган.
Мазкур анъанага содиқ равишда, жорий йилнинг 10 март куни жамиятнинг цех ва тармоқлари ўртасида “Энг экологик тоза цех” кўрик танлов эълон қилинган эди.
Ташкилий гуруҳ хулосасига қўра, икки гуруҳга бўлиб ўтказилган кўрик танлов якуни бўйича қуйидаги цехлар танлов ғолиби деб топилди:
1 – ўринга Полиэтилен ишлаб чиқариш цехи жамоаси;
2 – ўринга "Қаршитермопласт" цехи жамоаси;
3 – ўринга Завод марказий лабораторияси жамоаси муносиб кўрилди.
1 – ўринга Ташқи сув таъминоти цехи жамоаси;
2 – ўринга Автотранспорт билан таъминлаш хизмати жамоаси;
3 – ўринга Оқова сувларни тозалаш цехи жамоаси лойиқ деб топилди.
“Энг экологик тоза цех” кўрик танлови ғолибларини тақдирлаш, мустақиллигимизнинг 32 йиллиги байрами арафасида бўлиб ўтиши режалаштирилган бўлиб, ғолиб жамоалар қимматбаҳо совға, диплом ҳамда кўчма кубок билан тақдирланади.
Республикамизда экологик хавфсизликни таъминлаш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, санитар ва экологик ҳолатини яхшилаш соҳасидаги сиёсат изчиллик билан амалга оширилмоқда. Юртимизда, Президент раҳбарлиги остида атроф – муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида янги давлат бошқаруви тизими шакллантирилди, бир қатор муҳим норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди, стратегик ва дастурий ҳужжатлар лойиҳалари янгиланди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли фармон ва қарорлари асосида, соҳага доир ишлар кўламини кенг қамраб олиш мақсадида, “Экология, атроф – муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши” вазирлиги ташкил этилди.
Бундан ташқари, Ўзбекистонда 2030 йилгача бўлган даврда Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ҳамда Экологик таълимни ривожлантириш концепциялари қабул қилинди. Шунингдек, 2019–2030 йиллар даврида Ўзбекистон Республикасининг "яшил" иқтисодиётга ўтиш стратегиялари ҳам тасдиқланган.