“Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқарув раиси ўринбосари иштирокида "Шўртан ГКМ" МЧЖнинг 6 ойлик фаолияти якунларига бағишланган сайёр йиғилиш бўлиб ўтди
“Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқарув раиси ўринбосари О.Темиров иштирокида "Шўртан ГКМ" МЧЖнинг 6 ойлик фаолияти якунларига бағишланган сайёр йиғилиш бўлиб ўтди.
Йиғилишда, мажмуа атрофида "Яшил белбоғ" яратиш бўйича тузилган тадбирларнинг бажарилиш ҳолати, энергоресурслар тежамкорлиги ва соҳа объектларини кузги-қишки мавсумга тайёрлаш, ишлаб чиқариш кўрсатгичларига таъсир этадиган тўхталишларнинг асосий сабаблари ва бартараф этиш бўйича чора-тадбирларнинг ҳолати, куз мавсумида амалга ошириладиган режали таъмирлаш ишларига пухта тайёргарлик кўриш ҳамда ишлаб чиқариш жараёнлари барқарорлигини доимий таъминлаш борасидаги масалалар кўриб чиқилди.
Дастлаб, мажмуа атрофида “Яшил белбоғ” ташкил этишда белгиланган ҳудудларнинг ҳолати ва суғориш имкониятлари бўйича маълумот тингланди ҳамда келгусида бажарилиши керак бўлган вазифалар белгилаб олинди.
Шундан сўнг, мажмуа мутахассислари томонидан "Шўртан ГКМ" МЧЖда ўрнатилган умумий қуввати 5 259 кВт бўлган қуёш фотоэлектрик станциялари ҳозирги кунга келиб тўлиқ ишга туширилганлиги маълум қилинди ва мажмуада энергия тежовчи технологияларни жорий этиш эвазига, белгиланган энергия иқтисодига эришилгани айтиб ўтилди.
Шунингдек, 2023-2024 йилларга мўлжалланган энергоресурслар тежамкорлиги бўйича тузилган тадбир бажарилиши ҳолати ҳамда 2025-2026 йиллар учун амалга ошириладиган энерготежамкорлик ишлари ҳам муҳокама қилинди.
Шу билан бир қаторда октябрь ойида ўтказилиши режалаштирилган режали таъмирлаш ишларига пухта тайёргарлик кўриш ва соҳа объектларини куз-қиш мавсумида талофатларсиз ишлашини таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар бажарилиши, ишларини амалга ошириш учун хизмат ва бутловчи қисмларнинг хариди бўйича амалга оширилаётган ишлар кўриб чиқилди.
Йиғилиш давомида келгyсида амалга ошириладиган ишлар кенгайтирилган тартибда муҳокама этилиб, “Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқарув раисининг ўринбосари томонидан мажмуа раҳбарияти ва барча масъулларга берилган чора-тадбирларни ўз вақтида ижросини таъминлаш борасида тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берилди.