Президент қарорлари ижрода: “Шўртан газ кимё мажмуаси” МЧЖнинг амалий ташаббуслари ва ижтимоий лойиҳалари
Жорий йилнинг июль ойида Еттинчи чақириқ халқ депутатлари Ғузор тумани Кенгашининг ўнинчи сессияси бўлиб ўтди. Унда туманга оид бир қатор муҳим масалалар қаторида, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 14 декабрдаги "Қашқадарё вилоятини 2024-2025 йилларда комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги ПҚ–389-сонли ҳамда 2025 йил 7 февралдаги “Қашқадарё вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришни жадаллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ–44-сонли қарори ижроси юзасидан “Шўртан газ кимё мажмуаси” МЧЖ томонидан амалга оширилган ишлар тингланди.
Мазкур қарорлар ижроси доирасида “Шўртан газ кимё мажмуаси” МЧЖ томонидан вилоятимизда бир қатор муҳим ва кенг қамровли ижтимоий ҳамда иқтисодий лойиҳалар амалга оширилмоқда. Ушбу ишлар вилоят миқёсида аҳоли турмуш даражасини ошириш, таълим, тиббиёт, инфратузилма ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида туб ўзгаришларга замин яратмоқда.
Жумладан, Германиянинг “Авестос” компанияси билан ҳамкорликда Қашқадарё вилоятида немис таълим стандартларини жорий этишга қаратилган лойиҳа ҳаётга татбиқ этилмоқда. Ушбу ташаббус доирасида 2025/2026 ўқув йилидан бошлаб вилоятнинг 6 та туманидаги политехникумларда металл технологияси ҳамда бино ва иншоотлар қурилиши йўналишларида ўқув курслари ташкил этилади.
Лойиҳага мувофиқ, 2025 йил 29 июнь куни 6 та политехникумнинг 24 нафар ўқитувчиси Германиянинг Лейпциг шаҳрига малака ошириш учун юборилди ва “Авестос” компанияси томонидан таълим жараёнлари амалий тарзда бошлаб юборилди. Бунда Шаҳрисабз, Қарши, Ғузор, Косон ва Чироқчида жойлашган политехникумлар қамраб олинган. Лойиҳа замонавий технологиялар ва амалий кўникмаларга асосланган таълим моделини кенг татбиқ этишга қаратилган.
Шунингдек, аҳоли, айниқса ёшлар бандлигини таъминлаш мақсадида 240 нафар фуқарога касб-ҳунарга ўқитиш курслари ташкил этилди. Хусусан, инглиз ва немис тиллари, ахборот технологиялари ҳамда меҳнат бозорида эҳтиёж юқори бўлган бошқа йўналишлар бўйича таълим бериш орқали уларнинг келгусида иш билан таъминланиш имкониятлари кенгайтирилди. Бу эса, ўз навбатида, фуқароларнинг барқарор бандлиги ва муносиб ҳаёт кечириши учун замин яратади.
Бундан ташқари, кам таъминланган оилалар фарзандларини мактабгача таълим тизимига жалб этиш мақсадида 16 нафар болажон бепул тиббий кўрикдан ўтказилиб, “Эркатой” мактабгача таълим муассасасига жойлаштирилди.
Кам таъминланган аҳоли ўртасида тиббий хизмат кўрсатиш самарадорлигини ошириш мақсадида 60 та оиладан 230 нафар фуқарога юқори сифатли тиббий хизматлар кўрсатилиши режалаштирилган. Уларнинг орасида 120 нафар беморга даволаш муолажалари, 60 нафарга жарроҳлик амалиёти ва яна 60 нафарга профилактик тиббий кўрик ўтказилиши кўзда тутилган. Бугунги кунга келиб, 80 нафар фуқарога даволаш муолажалари, 10 нафар беморга жарроҳлик амалиёти ва 45 нафар шахсга профилактик кўрик хизматлари кўрсатилиб, жами 135 нафар фуқаро тиббий хизматлар билан қамраб олинди. Ушбу хизматларнинг бир қисми ҳудудий тиббиёт муассасалари билан ҳамкорликда бепул ташкил этилди.
Аҳолини турар-жой билан таъминлаш йўналишида ҳам бир қатор эзгу ташаббуслар изчил амалга оширилмоқда. Жумладан, Ғузор туманида 15 та янги хонадон ва 8 та коттедж қуриб битказилиб, жами 23 та уй эҳтиёжманд оилаларга фойдаланишга топширилди.
Шунингдек, Қарши, Нишон ва Китоб туманларида уй-жойи таъмирталаб бўлган оилалар аниқланиб, уларни таъмирлаш ишлари белгиланган рўйхат асосида амалга оширилади. Бу эса ижтимоий ёрдамга муҳтож аҳоли қатламига амалий кўмак кўрсатишга хизмат қилмоқда.
Шунингдек, қарор доирасида “YASHIL AGRO ZAMIN KOMPLEKS” ишлаб чиқариш кооперативи ташкил этилди. Ғузор туманида 200 гектар ер майдонида беда, маккажўхори, кунгабоқар ва сабзавот етиштириш йўлга қўйилди. Ҳозирги кунда 25 бош зотли йирик шохли мол парваришланмоқда ва шунга яқин миқдорда қўшимча чорва олиб келиш режалаштирилган. Мазкур аграр лойиҳа орқали маҳаллий аҳолини доимий иш ўрни билан таъминлаш имконини яратмоқда.
Қарор ижроси доирасида “Шўртан газ кимё мажмуаси” МЧЖ томонидан амалга оширилаётган барча чора-тадбирлар аҳолининг турмуш даражасини тубдан яхшилаш, вилоят иқтисодиётини диверсификация қилиш ҳамда замонавий меҳнат бозори талабларига жавоб берадиган кадрлар тайёрлашга қаратилган. Таълимдан тортиб тиббиётга, қишлоқ хўжалигидан уй-жой масалаларигача қамраб олган мазкур кенг қамровли ишлар мамлакатимиз ижтимоий сиёсатининг асосий тамойиллари — инсон манфаати устуворлиги ва ижтимоий адолат принципларининг амалий ифодасидир.