“Раҳбар ва ёшлар” учрашуви: Ташаббусларга бағишланган мулоқот
“Шўртан газ кимё мажмуаси” МЧЖда ёшларга оид давлат сиёсатини амалга ошириш, уларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ва муаммоларини ўрганиш мақсадида “Раҳбар ва ёшлар” учрашуви анъанавий тарзда ташкил этиб келинмоқда.
Йил бошидан буён мажмуа бош директори ҳамда директор ўринбосарлари иштирокида ёшлар билан қатор учрашувлар мунтазам ўтказиб келинмоқда.
Навбатдаги учрашув 2025 йил 22 июль куни ташкил этилди. Унда мажмуа бош директорнинг иқтисод ва молия масалалари бўйича ўринбосари Халимов Жасурбек Комилович ҳамда мажмуанинг турли бўлимларида фаолият юритаётган ёш мутахассислар иштирок этди.
Тадбир аввалида сўз олган Жасурбек Комилович, мажмуада ёш кадрларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш учун зарур шарт-шароитлар яратиш раҳбарият олдидаги доимий устувор вазифалардан бири эканини ва бу борада бундан кейин ҳам тизимли ишлар давом эттирилишини таъкидлади.
Шу билан бирга, Жасурбек Комилович ёшларнинг молиявий саводхонлигини ошириш, иқтисодий жараёнларда фаол иштирокини таъминлаш ҳамда амалий лойиҳаларда уларнинг иштирокига кенг йўл очишга қаратилган бир қатор ташаббусларни илгари сурди.
Тадбир очиқ ва самимий мулоқот руҳида ўтди. Ёшлар ўзларини қизиқтирган барча саволларга бевосита жавоб олдилар, таклиф ва мулоҳазаларини эркин баён этдилар. Учрашув якунида билдирилган фикр ва таклифлар асосида тегишли топшириқлар шакллантирилиб, уларни амалиётга жорий этиш бўйича аниқ режалар белгилаб олинди.
Учрашув якунида мажмуада самарали меҳнат қилиб келаётган фаол ёшлар мажмуа раҳбарияти ва Касаба уюшма қўмитаси томонидан ташаккурнома ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди.