Полиэтилен ишлаб чиқариш цехининг Реакция қурилмасидаги кимёвий реагентлар янгисига алмаштирилди
Жорий йилнинг 20 август куни "Шўртан газ кимё мажмуаси" МЧЖ Полиэтилен ишлаб чиқариш цехининг Реакция қурилмаси, FF-2101 А/B - циклогексан кимёвий реагентини тозалаш аппаратида силикагель ва алюминий оксиди кимёвий реагентларини алмаштириш ишлари олиб борилди.
FF-2101 A/B аппарати "Sclairtech" технологиясига асосланиб ишлайди ва циклогексан таркибидаги кетон ҳамда намликларни бартараф этиш вазифасини бажаради. Бу жараёнда силикагель, алюминий оксиди ва керамик шарлар қатламли шаклда аппаратга юкланади. Агарда кетон ва намликлар технологик жараёнда ушлаб қолинмаса, бу ҳолат полиэтилен ишлаб чиқариш жараёнида иштирок этадиган қимматбаҳо катализаторларнинг меъёрий сарфларини ошишига олиб келиб, ишлаб чиқариш самарадорлигига салбий таъсир кўрсатади.
Ишлаб чиқариш жараёнини барқарор сақлаш ва самарадорлигини ошириш мақсадида, ушбу аппаратда кимёвий реагентларни алмаштириш ишлари йил давомида икки марта амалга оширилиб келинган. Жорий йилдан бошлаб эса циклогексан реагентининг тозалик даражасини яхшилаш, катализатор сарфини камайтириш ва маҳсулот сифати ҳамда ҳажмини ошириш мақсадида кимёвий реагентлар ҳар тўрт ойда бир марта алмаштирилиши режалаштирилган. Белгиланган режа бўйича 2024 йилнинг 25 апрель ойида дастлабки алмаштириш ишлари амалга оширилган эди.
FF-2101 A/B қурилмаси 1999 йилда Япониянинг "TOYO Engineering" компанияси томонидан лойиҳалаштирилган ва ишлаб чиқарилган бўлиб, 2000 йилда мажмуага олиб келиниб, ўрнатилган.