May 19

“Шўртан газ кимё мажмуаси” МЧЖнинг ёш муҳандиси техника фанлари бўйича PhD илмий даражасини олди

“Шўртан газ кимё мажмуаси” МЧЖ Техника-технология хизмати муҳандиси Караев Шерали Тўхтаевич техника фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) илмий даражасига сазовор бўлди.

2025 йил 15 май куни Тошкент кимё-технология илмий тадқиқот институти ҳузуридаги илмий даражалар берувчи DSc.16/30.12.2019.K/T.87.01 рақамли Илмий кенгаш йиғилишида Ш.Караев ўзининг “Полиэтилен учун янги юқори самарали стабилизатор антиоксидантлар олиш технологиясини ишлаб чиқиш ва қўллаш” мавзусидаги диссертация ишини муваффақиятли ҳимоя қилди. Ушбу иш “Органик моддалар ва улар асосидаги материаллар технологияси” ихтисослиги бўйича олиб борилган.

Ҳимоя жараёнида Шерали Тўхтаевич диссертация мазмунини кенгаш аъзоларига атрофлича ёритиб берди, уларнинг саволларига илмий асосланган, аниқ ва ишончли жавоблар қайтарди. Ҳисоботлар ва хулосалар кенгаш аъзолари томонидан юқори баҳоланди.

Йиғилиш якунида кенгаш аъзолари диссертация иши барча илмий-услубий талабларга тўлиқ жавоб беришини таъкидлаб, Ш.Караевга техника фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) илмий даражасини бериш тўғрисидаги қарорни 100 фоиз овоз билан қабул қилди.

Шу муносабат билан, “Шўртан газ кимё мажмуаси”нинг кўп минг сонли меҳнат жамоаси номидан Шерали Тўхтаевични ушбу муҳим ютуқ — PhD илмий даражаси билан самимий табриклаймиз! Унга келгусидаги илмий ва амалий фаолиятида улкан зафарлар, илмий изланишларида муваффақият ва янги ютуқлар тилаймиз.

«Шўртан газ кимё мажмуаси» МЧЖ Матбуот хизмати

|web-sayt|telegram|YouTube|