March 13

"Шўртан газ кимё мажмуаси" МЧЖ ва Олий таълим муассасалари ўртасидаги илмий ҳамкорликни ривожлантириш бўйича навбатдаги учрашувлар ўтказилди

Аввал хабар берганимиздек, "Шўртан газ кимё мажмуаси" МЧЖнинг бир гуруҳ мутахассис ходимларидан иборат ишчи гуруҳи томонидан юртимиздаги нуфузли олий таълим муассасалари билан илмий ҳамкорликни ривожлантириш бўйича учрашувлар ўтказилмоқда.

Шу каби учрашувларнинг навбатдагиси Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университетида ташкил этилди. Унда Тошкент давлат техника университети ва Ўзбекистон Миллий университети проректорлари, тегишли факультетлар ва кафедралар раҳбарлари ҳамда "Шўртан газ кимё мажмуаси" МЧЖ мутахассислари иштирок этдилар.

Мулоқот давомида муҳандислик йўналишлари бўйича малакали кадрлар тайёрлаш, талабалар учун амалий машғулотларни ташкил этиш масалалари муҳокама қилинди. Шунингдек, илмий-тадқиқот ишларини амалга ошириш ва уларни ишлаб чиқаришга татбиқ этиш бўйича ҳамкорлик йўналишлари белгилаб олинди.

Мажмуа мутахассислари университетнинг илмий лабораториялари фаолияти билан яқиндан танишдилар. Хусусан, энергетика, нефт-газ технологиялари ва механика соҳаларидаги илмий изланишлар юзасидан тажриба алмашиш бўйича келишувларга эришилди.

Шунингдек, "Шўртан газ кимё мажмуаси" қошидаги «Илғор муҳандислик мактаби» учун зарур инновацион материаллар ва таълим стендларини яратиш бўйича фикрлар алмашилди. Иштирокчилар газни қайта ишлаш, янги технологияларни жорий этиш, ишлаб чиқариш технологияларини такомиллаштириш борасида ҳамкорликда иш олиб боришга келишиб олдилар.

Учрашувлар давомида илмий ва академик ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, илмий-амалий лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш ҳамда талабаларнинг келажакда мажмуада амалиёт ўташлари бўйича келишувларга эришилди. Бундай учрашувлар келгусида янги инновацион лойиҳаларни амалга ошириш ва ишлаб чиқариш жараёнларини такомиллаштиришга хизмат қилиши кутилмоқда.

«Шўртан газ кимё мажмуаси» МЧЖ Матбуот хизмати

|web-sayt|telegram|YouTube|