February 9

"Шўртан ГКМ" МЧЖда "Навоийга таъзим, Бобурга эҳтиром" мавзусида адабий-бадиий кеча ташкил этилди

"Шўртан газ кимё мажмуаси" МЧЖда сўз мулкининг султони Ҳазрат Мир Алишер Навоийнинг 583 йиллиги ҳамда шоҳ ва шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 541 йиллиги муносабати билан “Навоийга таъзим, Бобурга эҳтиром” мавзусида адабий-бадиий кеча ташкил этилди.

Тадбир аввалида, Вилоят Ёшлар ишлари агентлиги ходимлари томонидан "IBRAT" платформасининг тақдимоти бўлиб ўтди.

Ёшлар ишлари агентлиги мутахассислари томонидан платформани яратилиш тарихи, мақсади ва платформанинг афзалликлари ҳақида мажмуа ишчи-ходимларига батафсил маълумотлар берилди.

Шундан сўнг, тадбир меҳмони Республика маънавият ва маърифат маркази Қашқадарё вилоят бўлими бошлиғи ўринбосари Латиф Қамбаровнинг, Навоий қолдирган буюк мерос ҳақидаги қизиқарли фактларга асосланган маърузаси тадбир иштирокчилари томонидан катта қизиқиш билан тингланди.

Ҳазрат Алишер Навоий асарлари мағзига сингдирилган ҳаётий фалсафа замирида одамийлик ва бағрикенглик, эзгулик ва адолатпарварлик ғоялари ўз мужассамини топган, — дейди Республика маънавият ва маърифат маркази Қашқадарё вилоят бўлими бошлиғи ўринбосари Латиф Қамбаров.

Тадбирнинг иккинчи қисмида мажмуа ҳаваскор ижодкорлари томонидан буюк алломаларимиз Алишер Навоий ҳамда Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг ҳаёт йўли ҳамда ижодига бағишланган бадиий саҳна кўринишлари намойиш этилди.

Шунингдек, тадбирда буюк алломаларимиз Алишер Навоий ҳамда Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг ҳаёти ва ижод йўлига бағишланган, ғазалхонлик, куй-қўшиқлар ва видеороликлар намойиши тадбир иштирокчиларига ҳуш кайфият бахш этди.

Тадбирдан фотолавҳалар:

«Шўртан газ кимё мажмуаси» МЧЖ Матбуот хизмати

|web-sayt|telegram|YouTube|