April 29, 2023

"Шўртан газ кимё мажмуаси" МЧЖда 2022-2024 йиллар учун қабул қилинган жамоа шартномасининг 2022 йилда бажарилиши якунларига бағишланган Конференция бўлиб ўтди

Бозор муносабатларига ўтиш ва иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш шароитида корхоналарда ходимлар билан иш берувчилар ўртасидаги меҳнатга оид муносабатларни шартномалар асосида тартибга солиш, ижтимоий шерикчилик тамойилини ривожлантириш жамоа шартномаси ва келишувлари орқали амалга оширилади.

Хусусан, 2023 йил 28 апрел куни "Шўртан газ кимё мажмуаси" МЧЖ маъмурияти ва Касаба уюшмаси қўмитаси ўртасида 2022-2024 йиллар учун қабул қилинган жамоа шартномасининг 2022 йилда бажарилиши ҳамда мазкур жамоа шартномасига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш бўйича меҳнат жамоасининг Конференцияси бўлиб ўтди.

Конференцияда Ўзбекистон энергетика, нефть ва газ ва геология ходимлари касаба уюшмаси вилоят Кенгаши вакиллари, “Шўртан газ кимё мажмуаси” МЧЖ маъмурияти, мажмуа Касаба уюшмаси қўмитаси жамоаси ҳамда мажмуанинг цех, хизмат, тармоқ ва бўлимларидан сайланган делегатлар иштирок этишди.

Йиғилишда дастлаб “Шўртан газ кимё мажмуаси” МЧЖ жамоа шартномасининг 2022 йилда бажарилиши юзасидан ШГКМ Касаба уюшма қўмитаси раиси А.Туракуловнинг ҳисобот маърузаси тингланди.

Маърузага кўра, ишчи-ходимлар йил мобайнида моддий, тиббий ва маънавий қўллаб–қувватланган. Шунингдек, самарали хизмат қилган ходимлар учун яратилган қулай шарт-шароитлар, ўз вазифасига виждонан ёндашаётган ишчи-ходимлар мунтазам равишда рағбатлантирилиб борилаётганлигига алоҳида урғу берилди.

Шундан сўнг Ўзбекистон энергетика, нефть ва газ ва геология ходимлари касаба уюшмаси вилоят Кенгаши раиси Акбар Юсупов сўзга чиқиб мажмуада Жамоа шартномасининг бажарилиши юзасидан ижобий фикр мулоҳазаларини билдириб ўтди.

Конференцияда делегатлар фаол иштирок этиб, касаба уюшмаси ишини янада жонлантириш ва ривожлантириш ҳақида фикр мулоҳазалар билдиришди.

Музокара ва муҳокамаларда иштирокчилар томонидан Шўртан газ кимё мажмуаси жамоа шартномасининг 2022 йилда бажарилиши қониқарли деб баҳоланди. Шунингдек, Тез орада янгиланаётган Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва Меҳнат шартномасига асосан Жамоа шартномасига қўшимча ва ўзгартиришлар киритилиши жамоа билан келишиб олинди.

Таъкидлаш жоизки, жамоа шартномаси иш берувчи ва корхона ходимлари ўртасидаги муносабатларни тартибга солувчи, меҳнаткашларнинг ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қиладиган, ахлоқий меъёрлар, меҳнат интизоми, ижтимоий имтиёзлар ва кафолатларни ҳимоя қилишни таъминлайдиган ҳужжатдир.

"Шўртан газ кимё мажмуаси" МЧЖ Матбуот хизмати

|web-sayt|telegram|YouTube|