September 27, 2023

"Шўртан ГКМ" МЧЖ: Полиэтилен ишлаб чиқариш цехида иссиқлик алмашинув аппарати таъмирланмоқда

"Шўртан газ кимё мажмуаси" МЧЖ Полиэтилен ишлаб чиқариш цехининг Бутен-1 қурилмаси ЕА-3001В - сув ёрдамида углеводородларни совитиш учун мўлжалланган иссиқлик алмашинув аппаратида, узлуксиз ишлаб чиқариш жараёнида аппаратнинг қувурлар жамланмасида йиғилиб қолган қолдиқ полимерларни тозалаш ишлари амалга оширилмоқда.

EA-3001 А/B иссиқлик алмашинув аппаратлари 1999 йилда Кореянинг IL SUNG ENG. Co., Ltd & IL SUNG CONST Co., Ltd компаниялари томонидан ишлаб чиқарилган бўлиб, 2000 йилда мажмуага олиб келтирилган ва ўрнатилган.

EA-3001 А/B иссиқлик алмашинув аппаратларининг вазифаси Бутен-1 қурилмасидаги DС-3001 реакторида содир бўладиган димеризация реакция жараёни натижасида ажралиб чиққан иссиқликни совитишдан иборатдир.

Ушбу аппаратлар ишлаш принципига кўра биттаси ишлаб турган вақтда иккинчиси захира сифатида сақланади. DС-3001 реакторида иссиқлик ошиши туфайли оқим таркибида қуйи молекулали полимерлар ҳосил бўлади ва EA-3001 A/B аппаратларнинг қувур ва жиҳозлари ички юзасига ёпишиб қолади. Бунинг натижасида эса иссиқлик алмашинув аппаратларида совитиш эффекти камайиб боради. Бу ўз навбатида мажмуада ишлаб чиқариладиган маҳсулот сифатига салбий таъсир кўрсатади. Шу сабабли ЕА-3001 А/В иссиқлик алмашинув аппаратлари бир йилда режа асосида 2-3 марта очилиб тозалаб турилади ва хар 6-7 йилда янгисига алмаштирилади.

Аппарат полимердан тозалангандан сўнг рухсат этилган босимда синалади. Синов натижаси қониқарли бўлганда, аппарат ёпилади ва захирага қўйилади.

ЕА-3001 А/В иссиқлик алмашинув аппаратларини ўз вақтида алмаштирилиб сифатли тозаланиши димеризация реакциясининг технологик регламент режимида боришини, қуйи молекулали полимерлар кам ҳосил бўлишини ва Бутен-1 қурилмаси узоқ вақт самарали ишлашини таъминлайди.

«Шўртан газ кимё мажмуаси» МЧЖ Матбуот хизмати

|web-sayt|telegram|YouTube|