"Шўртан ГКМ" МЧЖда метанолни ташиш, сақлаш ва хавфсиз ишлатиш бўйича билимлар синови бўлиб ўтди
Ўзбекистон Республикаси Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси томонидан “Шўртан газ кимё мажмуаси” МЧЖга портловчи ва заҳарли моддаларни ташиш, сақлаш ва ишлаб чиқариш учун берилган лицензия талабларига мувофиқ ҳамда мажмуада метил спиртини (метанол) ташиш, қабул қилиш, сақлаш ва ишлатишда хавфсизлик талабларига қатъий риоя этилиши ва ушбу ишларни амалга ошириш учун масъул бўлган ходимларнинг жавобгарлигини янада ошириш борасида қатор ишлар амалга оширилмоқда.
Жумладан, жорий йилнинг 23-30 январь кунлари Шўртан газ кимё мажмуасининг Саноат хавфсизлиги, соғлиқни сақлаш, меҳнат ва атроф-муҳит муҳофазаси бошқармасининг Саноат хавфсизлиги ва техник назорат хизмати ходимлари ва Тоғ-кон, геология ва саноат хавфсизлигини назорат қилиш инспекцияси инспектори томонидан мажмуанинг метил спирти (метанол) билан боғлиқ ишларда иштирок этувчи барча муҳандис-техник ходимлари учун навбатдаги билимлар синови ташкил этилди.
Ушбу имтиҳонлар орқали мажмуада ишлаб чиқариш жараёнида қўлланиладиган “Метанол” моддасини ташиш, қабул қилиш, сақлаш ва хавфсиз ишлатиш ишларида иштирок этувчи барча муҳандис-техник ходимларнинг билим ва кўникмалари яна бир бор синовдан ўтказиб олинди.
Шунингдек, малакали мутахассислар томонидан имтиҳон иштирокчиларига портловчи ва заҳарли моддаларни ташиш, сақлаш ва ишлаб чиқаришга оид тегишли норматив ҳужжатларнинг мазмун моҳияти, уларда келтирилган қоидалар ва имтиёзлар ҳақида яна бир эслатиб ўтилди. Мухандис-техник ходимлар томонидан берилган саволларга атрофлича жавоблар берилди.