"Шўртан ГКМ" МЧЖнинг бир гуруҳ мутахассислари Япониянинг “Mitsubishi Heavy Industries Compressor” компаниясида малака ошириб қайтишди
Бугунги кунда Республикамизнинг нефт ва газ саноатида дунёдаги энг илғор компанияларнинг мураккаб конструкцияли технологик қурилмалари ва машина механизмлари ишлатилиб келинмоқда. Шу жумладан, "Шўртан газ кимё мажмуаси" МЧЖда кўплаб мураккаб технологиялар қаторида Япониянинг “Mitsubishi Corporation” компаниясида ишлаб чиқарилган буғ турбиналари ва компрессорларидан фойдаланиб келинмоқда. Ушбу машина механизмларни узоқ муддат хавфсиз ва узлуксиз ишлашини таъминлаш, ҳамда сифатли техник хизмат кўрсатиш учун эса албатта малакали кадрлар талаб этилади.
Шуни инобатга олган ҳолда “Ўзбекнефтгаз” АЖ таркибидаги корхоналар ва ташкилотларда, шу жумладан “Шўртан газ кимё мажмуаси” МЧЖда малакали кадрлар тайёрлаш ва уларнинг тажриба кўникмаларини ошириш юзасидан қатор амалий ишлар амалга оширилиб келинмоқда.
Хусусан, жорий йилнинг 9-17 сентябрь кунилари “Шўртан газ кимё мажмуаси” МЧЖ раҳбарияти ташаббуси билан мажмуанинг бир гуруҳ мутахассислари Япония давлатида бўлиб, “Mitsubishi Heavy Industries Compressor” компаниясининг ўқув тренинг курсларида малака ошириб қайтишди.
Ўқув тренинг курсларида мажмуа мутахассислари томонидан мажмуадаги мавжуд компрессор ва буғ турбиналари, уларни хавфсиз ишлатиш, техник хизмат кўрсатиш билан боғлик муаммоларни камайтиришнинг янги усуллари ўрганилди, шунингдек, нохуш вазиятларнинг олдини олиш мақсадида 43 турдаги нохуш ҳодисалар иш режимида симуляция жараёнлари бевосита амалий машғулотларда бажариб кўрилди.
Бундан ташқари, мажмуадаги мавжуд компрессор ва буғ турбиналарининг бошқарув тизими, назорат ва бошқарув клапанлари, Назорат ўлчов асбоблари ва автоматика жиҳозларига техник хизмат кўрсатиш жараёнлари тўғрисида маълумотлар махсус видео дарслик ва махсус эффектлардан фойдаланган ҳолда жараёнлардан тўғридан-тўғри олинган видео фактлар орқали тушунтириб берилди.
Мажмуа мутахассислари томонидан ушбу ўқув тренинг жараёнларидан олган малака ва кўникмалари, келгусида иш фаолиятлари ва ишлаб чиқариш жараёнларида қўллашда ҳамда ёш кадрларни тайёрлашда муҳим аҳамият касб этади.