May 4, 2023

"Шўртан газ кимё мажмуаси" МЧЖда меҳнат қилаётган хотин-қизлар учун кўҳна Хоразмга саёҳат ташкил этилди

Мамлакатимиз тарихий масканлари, меъморий атиқалар жойлашуви бўйича дунёдаги етакчи ўнта мамлакат қаторига киради. Бугунги кунда ҳудудларимизда 7 мингдан ортиқ тарихий ёдгорлик мавжуд бўлиб, уларнинг аксарияти ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган. Самарқанд, Бухоро, Хива, Шаҳрисабз, Тошкент, Қўқон, Термиз каби кўҳна ва навқирон шаҳарларимизни кўришга ошиқаётганлар сони йилдан-йилга кўпаяётгани бежиз эмас.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 9 февралдаги «Ўзбекистон Республикасида ички ва зиёрат туризмини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони ҳамда «Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!» ички туризмни ривожлантириш дастури орқали аҳолига юрт манзараларидан баҳраманд бўлиш имкони янада кенгайди.

Хусусан, “Шўртан газ кимё мажмуаси” МЧЖ маъмурияти ва Касаба уюшма қўмитаси ҳамкорлигида мажмуада фаолият юритаётган 50 нафар хотин-қизларга Хоразм вилоятига 3 кунлик саёҳат ташкил этилди.

Саёҳат давомида ҳамкасбларимиз Хоразм вилоятининг диққатга сазовор жойларини томоша қилишди. Жумладан, Ичан Қалъа туристик мажмуаси, Ниёз Муҳаммад Охунбобо жоме масжиди, Улли ҳовли қалъаси ва кўп йиллик тарихни ўзида акс эттирувчи меъморий обидалар ва қадимий ёдгорликларни яқиндан кўриш имкониятига эга бўлдилар. Қадимий Хиванинг янада гўзал ва мафтункор манзилгоҳлари, мадраса, мақбара, минора ва замонавий мажмуаларини томоша қилиш орқали тарих ва келажак нафасини ҳис қилдилар.

Уч кунлик саёҳат давомида, мажмуа хотин-қизлари Хоразмнинг диққатга сазовор масканлари билан танишиш баробарида бир қанча қизиқарли маълумотларга ҳам эга бўлишди.

"Шўртан газ кимё мажмуаси" МЧЖ Матбуот хизмати

|web-sayt|telegram|YouTube|