"Шўртан газ кимё мажмуаси" МЧЖ ёш ходими “Мирзо Улуғбек ворислари” Республика танловининг финал босқичи ғолиби бўлди
Мамлакатимизда иқтидорли ёшларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, уларни илмий-техник ва инновацион фаолиятга кенг жалб қилиш, иқтидорли ёшларнинг, жумладан, олис ҳудудларда истиқомат қилаётган йигит-қизларнинг билим, кўникма ва малакасини ошириш, инновацион ғояларини амалиётга татбиқ этишга кўмаклашиш мақсадида жорий йилнинг февраль-май ойларида истеъдодли ёшларни қўллаб-қувватлаш "УЛУҒБЕК" жамғармаси ҳамда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан ташкил этилган "Мирзо Улуғбек ворислари" Республика танлови ўтказилди.
"Мирзо Улуғбек ворислари" Республика танловида иштирок этиш учун юртимизнинг турли ҳудудларидан 16 ёшдан 25 гача бўлган 43 мингдан зиёд ўғил-қиз рўйхатдан ўтди. Тест синовларидан сўнг 3000 дан ортиқ ёшлар танлов иштирокчисига айланиб, мини-технологияларга асосланган инновацион ишлаб чиқариш, робототехника, инновацион хизматлар, дастурлаш, қишлоқ хўжалиги ва биотехнология, муқобил энергия, соғлиқни сақлаш, сунъий интеллект, 3D прототиплаш каби йўналишлар бўйича ўз ғоя ва ишланмаларини махсус комиссияга тақдим этишди.
22-майда танловнинг финал босқичи ўтказилиб, республиканинг турли ҳудудларидан ташриф буюрган 280 нафар иштирокчилар орасидан 100 нафар иштирокчиларнинг лойиҳалари махсус комиссия томонидан энг яхши лойиҳалар деб топилди.
Ушбу танловда "Шўртан газ кимё мажмуаси" МЧЖ марказий лабораторияси ёш ходими Жалилов Абдукаримбек Абдихалил ўғли ўзининг "Карбонат ангидрид газидан сода ишлаб чиқаришнинг замонавий усули" мавзусидаги инновацион лойиҳаси билан иштирок этиб, Республика босқичида юқори балл тўплагани ҳолда ғолиблар сафидан жой олди.
Танлов ғолибларига БҲМнинг 20 баравари миқдорида пул мукофотлари топширилди. Бундан ташқари, ғолиблар “Истеъдодли ёшларни қўллаб-қувватлаш «Улуғбек» жамғармаси” томонидан ташкил этиладиган мақсадли ўқув курсларида бепул ўқиш имкониятига ҳам эга бўлишди.
Жалилов Абдукаримбекни "Шўртан газ кимё мажмуаси" МЧЖнинг кўп минг сонли меҳнат жамоаси номидан табриклаймиз ва келгусида илмий ва меҳнат фаолиятида омад ва муваффақиятлар тилаймиз!