Импорт маҳсулотларини маҳаллийлаштиришда “SOCAR” билан ҳамкорлик қилинмоқда
Маълумки, давлатимиз раҳбари томонидан “Республикада ишлаб чиқаришни ривожлантириш ва саноат кооперациясини кенгайтиришнинг самарали тизимини яратиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор қабул қилинган.
Ушбу ҳужжатда мамлакатда юқори технологик ишлаб чиқаришни ривожлантиришнинг яхлит тизимини яратиш ва инвестицияларни фаол жалб этишни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, талаб юқори бўлган кенг турдаги маҳсулотларни ўзлаштириш ва экспорт салоҳиятини оширишга оид вазифалар белгиланган.
Ушбу ҳужжат ижросини таъминлаш мақсадида айни пайтда “Ўзбекнефтгаз” АЖ ва “SOCAR” Озарбайжон давлат нефть компанияси билан ҳамкорликда Қашқадарё вилоятида кимёвий реагентлар ва нефть-газ ускуналари ишлаб чиқаришни ўзлаштириш лойиҳаси амалга оширилмоқда.
Лойиҳа доирасида ҳозирда импорт ҳисобига сотиб олинаётган кимёвий моддалар, бурғилаш суюқликларини мамлакатимизда ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш режалаштирилган.
Бундан ташқари, конларни ўзлаштириш ва бурғилашда кенг қўлланиладиган ускуналар, бурғилаш ва цементлаш суюқликлари учун бутловчи қисмларни сақлаш, тарқатиш бўйича хизматлар кўрсатишни ҳам ўзлаштириш ишлари қамраб олинади.
Боку шаҳрида “Ўзбекнефтгаз” АЖ ва “SOCAR”нинг "Нефтгаз" илмий тадқиқот лойиҳа институти (ИТЛИ) экспертлар гуруҳининг учрашуви ўтказилди. Унда лойиҳа бўйича дастлабки бизнес-режа ишлаб чиқиш масалалари муҳокама қилинди.
Ташриф доирасида “Ўзбекнефтгаз” АЖ ишчи гуруҳи аъзолари бурғилаш ва цемент шламлари учун халқаро сертификат асосида аккредитацияланган синов лабораториялари фаолияти билан ҳам танишди.
Ушбу лаборатория замонавий ускуналар билан жиҳозланган бўлиб, ҳамкорликдаги лойиҳа доирасида Ўзбекистонда ҳам худди шундай лаборатория “SOCAR”нинг "Нефтегаз" илмий тадқиқот лойиҳа институти (ИТЛИ) томонидан қурилиши режалаштирилган.
Музокаралар якунида қўшма ишчи гуруҳ аъзолари лойиҳани амалга оширишнинг кейинги босқичларига оид масалаларни ҳам келишиб олишди.