Аёллар фаоллиги янада оширилиб, улардан раҳбар кадрлар тайёрланади
Алоҳида таъкидлаш ўринлики, мамлакатимизда давлатимиз раҳбари ташаббуси билан хотин-қизларни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, уларнинг жамият ва оиладаги ўрни ҳамда нуфузини янада оширишга қаратилган катта ҳажмда ишлар тизимли олиб борилмоқда.
Бошқарув раиси ва Жамиятдаги бир гуруҳ фаол аёллар билан бўлиб ўтган учрашувда ҳам дастлаб шулар хусусида сўз борди.
Қайд этилганидек, Президент Фармони ва ҳукуматнинг тегишли қарори ижросини таъминлаш мақсадида Жамиятда хотин-қизлар масалалари бўйича жамоатчилик кенгаши тасдиқланиб, тизим корхоналарида бошланғич ташкилотлар тузилган.
Йиғилишда асосий эътибор кенгаш ва уларнинг бошланғич ташкилотлари фаолиятини янада жонлантириш, аёлларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилди.
Маълумот ўрнида қайд этиш жоизки, бугунги кунда жамиятда 33 862 нафар ходим ишлаётган бўлса, шундан 3 928 нафарини аёллар ташкил этади.
Бошқарув раиси соҳада раҳбар аёллар сонини кўпайтириш, менторлик дастурлари орқали уларнинг профессионал кўникмаларини янада оширишга қаратилган ишларни тизимли йўлга қўйиш бўйича ўз таклифларини берди.
– Нефт-газ соҳасида тажрибали аёллар улушини оширишни аввало, тизимдаги олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган талаба қизларни саралаб олишдан бошлаш керак - деди Б.Сидиқов.
Давлатимиз раҳбари томонидан берилган топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида аёллар имкониятларини юзага чиқаришлари учун уларга зарур шароитлар яратиш, ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, тизим қуйи бўғинларида айнан раҳбар аёллар сонини ошириш ва пировардида Жамият раҳбарлик лавозимларида ҳам улар салоҳияти, тажрибаларидан кенгроқ фойдаланиш зарурлиги таъкидланди.
Имкониятлардан тўлиқ фойдаланилмаётгани танқид қилинаркан масъулларга ишдаги муваффақиятлар оила хотиржамлигига дахл қилмайдиган тизимни йўлга қўймай туриб мақсадга эришиб бўлмаслиги айтиб ўтилди.
Учрашувда аёлларни рағбатлантириш, улар ўртасида турли спорт мусобақалари ва соғломлаштириш тадбирларини ўтказиш, саломатликларини тиклаш, малакасини ошириш ижтимоий қўллаб-қувватлашга қаратилган қатор таклиф ва мулоҳазалар билдирилиб, уларни умумлаштириш, завод ва корхоналар кесимида аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиқилиши юзасидан масъулларга топшириқ берилди.