Германия банки билан ахборот алмашиш учун электрон платформа яратилади
“Ўзбекнефтгаз” АЖ ва Германиянинг “Deutsche Bank AG” вакиллари ўртасида ҳамкорликни ривожлантириш масалаларига бағишланган навбатдаги учрашув бўлиб ўтди.
Германия банки делегацияси “Ўзбекненфтгаз” АЖ айни пайтда амалга оширилаётган лойиҳалар, трансформация жараёнлари, иқтисодий барқарорликка эришиш борасида тадбиқ этилаётган ислоҳотлар натижалари билан таништирилди.
Шунингдек, хорижий банк томонидан кредит лойиҳалари рискини ҳисобга олиш, истиқболли лойиҳаларни молиялаштириш бўйича амалга оширилаётган синдикатлашган кредит лойиҳасининг жорий ҳолати ва “Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан халқаро молия бозорига жойлаштирилган евробондлар бўйича таҳлилий маълумотлар берилди.
Айни пайтда “Deutsche Bank AG” томонидан “Ўзбекнефтгаз” АЖ билан ахборот алмашиш тезкорлигини йўлга қўйиш мақсадида электрон платформа яратиш бўйича концепция лойиҳаси тайёрланмоқда. Келгусида ушбу платформа Ўзбекистон инвестиция бозори жозибадорлигини ошириш ва сармоядорларни жалб қилиш, банк томонидан таклиф этиладиган молиявий инструментларни муҳокама этиш майдонига айланади.
Музокаралар якунида томонлар ҳамкорликни ривожлантириш ва қўшма лойиҳаларни молиялаштириш бўйича алоқаларни янада кенгайтиришдан манфаатдорлигини билдирди.
Маълумот ўрнида: “Deutsche Bank AG” активлари бўйича Германиядаги энг йирик банклардан бири ҳисобланади. Валюта бозорининг асосий иштирокчиси бўлган банк дунёнинг 59 давлатидаги филиал ва ваколатхоналари орқали 28 миллион мижозга хизмат кўрсатмоқда.