Ёшларга эътибор — келажакка пойдевор
Давлат раҳбарининг ёшларга алоҳида эътибор ва ғамхўрлиги туфайли ёшлар сиёсатида мутлақо янги тизим яратилиб, мамлакат миқёсида маҳалла даражасига туширилди.
Ёшларнинг ижтимоий аҳволи, қобилияти ва қизиқишлари ўрганилиб, улар билан манзилли, аниқ мезонлар асосида ишлаш йўлга қўйилди.
Хусусан, “Ёшлар баланси” асосида вазирлик ва идоралар, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, давлат иштирокидаги корхона ва ташкилотлар ҳамда олий таълим ташкилотлари раҳбарларига ёшлар билан индивидуал ишлаш вазифаси топширилган.
“Ўзбекнефтгаз” АЖда ташкилот раҳбари билан Жамиятга бириктирилган Тошкент туманида яшовчи ёшлар ўртасида учрашув ташкил этилди.
Ушбу учрашувдан кўзланган мақсад ёшлар муаммосини аниқлаш, ҳал қилиш чораларини кўриш ва салоҳиятларини юзага чиқариш, ҳаётда ўз ўринларини топишларида кўмаклашишдан иборат.
Учрашув чоғида ёшларнинг оилавий, ижтимоий ҳолати, муаммолари, қизиқишлари, орзулари ва имкониятлари ўрганилди.
Энди масъул ташкилотлар билан келишган ҳолда ушбу ёшларга кўмаклашиш учун амалга оширилиши лозим бўлган вазифа ва тадбирлардан иборат “йўл харита”си ишлаб чиқилади. Вазифаларнинг ижроси келгусида мунтазам равишда ташкил этиладиган учрашувларда назорат қилиб борилади.
Учрашув якунида ёшларга Жамият фаолияти ҳақида батафсил маълумотлар берилди.