October 11

Илғор муҳандислар тайёрловчи янги мактаб очилди

O‘zbekcha Ruscha

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан Шўртан газ-кимё мажмуаси ва Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институти ҳамкорлигида "Газ-кимё ва энергетика" илғор муҳандислик мактаби ўз фаолиятини бошлади.

Бу икки йиллик амалий магистратура дастурларини жорий этиш орқали янги авлод муҳандисларини тайёрлашга қаратилган муҳим қадамдир. Илғор муҳандислик мактаби иқтисодиётнинг юқори маҳсулдорликка эга ва экспортга йўналтирилган тармоқлари учун мутахассислар тайёрлашда муҳим аҳамиятга эга.

Мактабнинг асосий мақсади - саноат ҳамкорларининг эҳтиёжлари ва замонавий атроф-муҳит талабларини ҳисобга олган ҳолда креатив ва тадқиқотчи муҳандислар тайёрлашдир.

Мактаб замонавий ўқув биноси, 4 та амалий машғулот хонаси, ахборот-ресурс маркази ва саноат лабораторияларини ўз ичига олади. Мутахассисликлар нефт ва газни қайта ишлаш технологияси, электр таъминоти ва кимёвий технология каби соҳаларни қамраб олади.

Ўқитувчи мутахассислар таркибида институт профессорлари, чет эллик ўқитувчилар ва Шўртан газ кимё мажмуаси тажрибали мутахассислари иштирок этади.

2024-2025 ўқув йилида 24 нафар магистр, 6 нафар ёш олим ва докторантлар илмий тадқиқот ишларини олиб бориш учун тайёрланади. Корхонанинг илмий технологик муаммолари бўйича 3 миллиард сўмлик 3 та илмий лойиҳа бажарилади. 2025-2026 йилларда 20 дан ортиқ магистрлик ва 3 та докторлик диссертацияси ҳимоя қилиниши, 2 та инновацион ишланма ишлаб чиқаришга жорий этилиши режалаштирилган.

Мажмуа ва институт олимлари ҳамкорлигида икки илмий ихтирога талабнома топширилиши ва 10 дан ортиқ мавзу бўйича муҳандислик ечимлар ишлаб чиқилиши кутилаётир.

Бу илғор муҳандислик мактаби мамлакатимизда мутахассислар тайёрлаш жараёнини замонавий талаблар асосида қайта ташкил этиш ва саноатга ёрдам беришда катта аҳамиятга эга.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Ахборот хизмати

web-sayt | instagram | telegram | youtube | facebook