February 5

“Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан экологияга зарарли ташланмалар миқдори камайтириш борасида амалга оширилаётган ишларга бағишланган Брифинг  

O‘zbekcha Ruscha

Ўзбекистон Республикаси “Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги қонуни ижросини таъминлаш мақсадида “Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан ишлаб чиқариш корхоналарининг атроф-муҳитга салбий таъсирини камайтириш ва табиий ресурсларни тежашга қаратилган бир қатор муҳим чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Натижада экологик ҳолатни яхшилаш ва зарарли ташланмалар миқдорини камайтириш бўйича ижобий натижаларга эришилди.

2024 йилда “Ўзбекнефтгаз” АЖ тизимидаги барча бошқарма ва корхоналар бўйича атмосфера ҳавосига ташланадиган ташланмаларнинг экологик норматив миқдори 142,3 минг тоннага белгиланган эди. Аслида эса бу миқдор 73,1 минг тоннага камайтирилди, яъни белгиланган меъёрга нисбатан 69,2 минг тонна ёки 48,6 фоизга кам ташланишга эришилди.

Оқова сувлар ташланмаларини камайтириш бўйича ўтган йилда белгиланган экологик норматив миқдор 11,5 миллион метр куб бўлса, аслида ташланган оқова сувлар миқдори 4,3 миллион метр кубни ташкил қилди. Бу ўз навбатида 7,2 миллион куб метр кам ташланишга эришиш ва экологик меъёрга нисбатан 62,6 фоизга кам ташланиш кўрсаткичини таъминлашга имкон берди.

Ишлаб чиқариш жараёнида ҳосил бўлган чиқиндилар миқдори 36,6 минг тоннани ташкил этди. Белгиланган экологик норматив миқдор эса 57,2 минг тонна. Бу 20,6 минг тонна ёки 36 фоиз кам чиқинди ҳосил бўлишига эришилганлигини кўрсатади. Шунингдек, чиқиндиларни зарарсизлантириш ва қайта ишлаш, шунингдек, атроф-муҳитни зарарсизлантириш ишлари самарали тарзда амалга оширилди.

Дастур доирасида эскирган қозонлар ўрнини энергия тежамкор қурилмалар билан алмаштириш, ёқилғи ресурсларини тежаш мақсадида муқобил энергия манбаларидан фойдаланиш йўлга қуйилди. Бу нафақат энергия сарфи, балки умумий эмиссияларни камайтиришга ёрдам берди. Шу билан бирга янги чанг-газ тозалаш қурилмасини ишга тушириш ҳамда мавжудларини модернизация қилиш ишлари ҳам самарали олиб борилди.

Атроф-муҳитни муҳофаза қилишнинг илмий таъминотини ривожлантириш билан бирга кўкаламзорлаштириш ишларига ҳам катта эътибор қаратилди. "Ўзбекнефтгаз" АЖ амалга оширган экологик чора-тадбирлар натижасида табиатга салбий таъсирлар сезиларли даражада камайтирилди.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Ахборот хизмати

web-sayt | instagram | telegram | youtube | facebook