Today

“Schlumberger” билан ҳамкорликнинг янги қадамлари белгилаб олинди

O‘zbekcha Ruscha

Президент топшириқлари асосида “Ўзбекнефтгаз” АЖ етакчи хорижий компаниялар билан музокаралар олиб бормоқда. Музокараларнинг асосий мақсади нефт ва газ лойиҳаларининг самарадорлигини ошириш, углеводородларни қазиб чиқариш, қайта ишлаш ҳажмини кўпайтириш, замонавий бошқарув усулларини жорий этиш ва соҳа барқарорлигини таъминлаш учун замонавий технология ва халқаро тажрибаларни жалб қилишдир.

“Schlumberger” компанияси вакиллари билан бўлиб ўтган учрашувда ҳам ҳамкорликнинг ҳозирги натижалари муҳокама қилиниб, келгусидаги қадамлар мувофиқлаштирилди.

Аввалроқ ушбу компания томонидан “Ўзбекнефтгаз” АЖнинг геологик-қидирув ишларининг самарадорлигини ошириш ва табиий газ қазиб чиқариш ҳажмини кўпайтиришга қаратилган 2024–2030 йилларга мўлжалланган қисқа ва узоқ муддатли стратегия ишлаб чиқилган эди.

Унда янги инвестицион блокларда геологик-қидирув ишларини олиб бориш орқали қазиб олиш ҳажмини ошириш, бажарилаётган тадбирлар сифатини яхшилаш, янги ресурсларни излаб топиш ва уларни ишлаб чиқаришга жалб қилиш, шунингдек, бир қатор геологик-техник тадбирларни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилган.

Ушбу чора-тадбирлар узоқ муддатли истиқболда углеводородларни қазиб олиш ҳажмини сезиларли даражада оширишга хизмат қилади ва “Schlumberger” ўзининг халқаро тажрибаси ва илғор инновацион технологияларини ушбу улкан лойиҳани амалга ошириш учун қўллайди.

Учрашувда ушбу стратегияни амалга оширишнинг амалий жиҳатлари муҳокама қилинди. Иштирокчилар ўзаро келишиб, ҳамкорлик механизмини ишлаб чиқишга дарҳол киришиш зарурлигини таъкидладилар.

Бу механизм аниқ қадамларни, масъул томонларни ва асосийси муддатларни ўз ичига олади. Ушбу жиҳатларнинг барчаси лойиҳанинг изчил ва самарали амалга оширилишини таъминлайдиган “Йўл харитаси”да қайд этилади.

Учрашув томонлар ўртасидаги ҳамкорликнинг стратегик аҳамиятини яна бир бор тасдиқлади. Белгиланган қадамлар ва эришилган келишувлар операция самарадорлигини ошириш ва инновацион ечимларни жорий этишга қаратилган қўшма ишлар учун янги имкониятлар эшигини очади.

"Ўзбекнефтгаз" АЖ Ахборот хизмати

web-sayt | instagram | telegram | youtube | facebook