Геология-қидирув соҳасида халқаро тажриба жорий этилмоқда
Давлатимиз раҳбарининг геология-қидирув ишларини ташкил этиш учун илғор хорижий тажрибани жалб этиш бўйича берган топшириғига биноан Татаристоннинг “Татнефт” ОАЖ билан “Ўзбекнефтгаз” АЖ ўртасида геология ва геофизика соҳасидаги фаолиятни янада ривожлантиришга кўмаклашиш бўйича келишувга эришилди.
Унинг доирасида, 24 январ куни геология - қидирув ишларини ташкил этиш бўйича тажриба алмашиш мақсадида “Татнефт” ОАЖ Бош директори ўринбосари - Бош геологи Ринат Афлятунов бошчилигидаги геологлар ва мутахассислардан иборат делегация “Ўзбекнефтгаз” АЖда бўлишди.
Томонлар ўзаро нефт ва газ конлари геологияси, қидирув, геологик ва геофизик тадқиқотлар усуллари, шунингдек тегишли вазирлик ва идоралар билан ишларни ташкил этиш масалаларини муҳокама қиладилар.
Бундан ташқари, меҳмонлар билан биргаликда геологлар гуруҳи даражасини кучайтириш, самарадорликнинг асосий кўрсаткичларини аниқлаш ва замонавий мотивация усулларини жорий этиш, ваколатлар даражасини ошириш бўйича тавсиялар ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди.
Ташриф давомида шунингдек, “Татнефт” ОАЖ делегацияси “Ўзбекгеофизика” АЖ ва “Нефт ва газ конлари геологияси ҳамда қидируви институти” Давлат корхонасида 2Д ва 3Д техникасидан фойдаланган ҳолда сейсмик тадқиқотлар ўтказиш, қайта ишлаш ва талқин қилиш соҳасидаги фаолият ҳамда олиб борилаётган илмий тадқиқотлар билан танишади.
Шу билан бирга, “Татнефт” ОАЖ мутахассисларига “Ўзбекнефтгаз” АЖ Моделлаштириш Маркази ҳамда Бурғилашни бошқариш Марказида қўлланиладиган рақамли ечимлар тақдим этилади.
Тадқиқот натижаларига кўра, “Татнефт” ОАЖ мутахассислари билан ҳамкорликда геология-қидирув ишлари самарадорлигини оширишга қаратилган стратегия ишлаб чиқилади.
Булар ҳамкорликнинг бугунги ҳолати бўлиб, алоқалар кейинги босқичда фаол давом эттирилади.