“Air Products” компанияси “Ўзбекнефтгаз” АЖ тасарруфидаги саноат мажмуасига 1 миллиард долларлик сармоя киритмоқда
2023 йилнинг 25 май куни Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати, “Air Products” ва “Ўзбекнефтгаз” АЖ ўртасида шартнома имзоланди.
Шартномада “Air Products” компанияси томонидан 1 миллиард долларлик инвестиция эвазига Қашқадарё вилоятида барпо этилган “Uzbekistan GTL” заводга табиий газни қайта ишлаш қурилмасини сотиб олиш ва ишлатиш назарда тутилган.
Эслатиб ўтамиз, 2021 йил 25 декабрь куни Қашқадарё вилоятининг Ғузор туманида синтетик суюқ ёқилғи ишлаб чиқарувчи – "Uzbekistan GTL” мажмуаси ишга туширилган эди. Ушбу мажмуа дунёда бешинчи ҳисобланади. Бунга қадар Қатар, Нигерия, Жанубий Африка ва Малайзияда ҳам шундай йирик мажмуалар қурилган.
“Ўсиш суръати юқори бўлган мамлакат – Ўзбекистонда давлат кўмаги билан ушбу стратегик ҳамкорлик орқали энг илғор технологиялар ва билимларимизни қўллаш имкониятига эга бўламиз. Бу шартнома “Ўзбекнефтгаз” АЖга юқори сифатли арзон ёқилғи ишлаб чиқариш имконини беради. Биз ушбу узоқ муддатли ва барқарор шерикликни ривожлантиришни кутмоқдамиз, шунингдек, Ўзбекистон ва Марказий Осиё минтақасидаги ҳамкорликларни ривожлантириш имкониятларидан мамнунмиз", деб таъкидлади "Air Products" компаниясининг Директорлар кенгаши раиси, президенти ва бош директори Сейфи Гасеми.
Шунингдек, "Air Products" компаниянинг тажрибасидан фойдаланиш орқали “Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан табиий газни чуқур қайта ишлаш асосида юқори қўшимча қийматга эга маҳсулотларни ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш, маҳсулот таннархини пасайтириш, зарарли чиқиндиларни камайтиришга эришилади.
Маълумот учун қайд этиш жоизки, "Air Products" компанияси дунёдаги етакчи саноат гази ишлаб чиқарувчиларидан бири ҳисобланиб, жаҳон бозорида 80 йилдан зиёд вақт давомида фаолият юритмоқда. Компаниянинг асосий фаолияти - атмосфера ва технологик газларни ишлаб чиқариш ва турли тармоқлар, жумладан, нефтни қайта ишлаш ва нефть кимёси учун тегишли асбоб-ускуналар ишлаб чиқаришдан иборат.
Бундан ташқари, "Air Products" суюлтирилган газ ишлаб чиқариш технологияси ва ускуналарини етказиб бериш бўйича жаҳонда етакчи ҳисобланади, шунингдек, бутун дунё бўйлаб турбомашиналар, мембрана тизимлари ва криоген контейнерларни етказиб беради.
Компания 2022 йилда 50 дан ортиқ мамлакатларда 12,7 млрд долларлик сотувларни амалга оширди ва жорий бозор капиталлашуви тахминан 60 млрд долларни ташкил этди. "Air Products" компаниясининг мақсади – атроф-муҳитга фойда келтирадиган инновацион ечимларни яратиш, барқарор ривожланиш учун ишлаш, мижозлар, ҳамжамият ва дунё олдида турган муаммоларни ҳал қилиш имкониятларини қайта кўриб чиқишга қаратилган.