February 21

Илғор муҳандислик мактаби фаолияти йўлга қўйилмоқда

O‘zbekcha Ruscha

Президентимизнинг топшириғи билан Бухоро давлат техника университетида ташкил этилаётган ушбу мактабга “Ўзбекнефтгаз” АЖ саноат ҳамкори сифатида бириктирилган. Шу муносабат билан ишларни самарали ташкил этиш мақсадида Жамият раҳбарияти ҳамда тизим корхоналарининг масъул ходимлари университетда бўлиб, амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан танишдилар.

Ташриф доирасида “Йўл харита”га биноан амалга оширилаётган ишлар бўйича тақдимот ўтказилди. Профессор-ўқитувчилар, илмий тадқиқотчилар ва талабаларга яратилаётган шарт-шароитлар билан таништирилди.

Бундан ташқари, фундаментал, амалий ва инновацион тадқиқотлар асосида тақдим этилган 10 дан ортиқ лойиҳанинг ҳар бирини ишлаб чиқариш корхоналари билан ҳамкорликда жорий этиш юзасидан келишувларга эришилди.

Ташриф доирасида мактабнинг келгусидаги фаолияти ва халқаро ҳамкорлик масалаларига бағишланган давра суҳбати ҳам ташкил этилди. Унда халқаро тажрибалар асосида талабаларнинг фанларни ўзлаштириш даражасини баҳолаш тизимини жорий этиш, профессор-ўқитувчилар ва докторантларни етакчи хорижий таълим ва илмий-тадқиқот муассасаларида малака оширишга юбориш масалалари ҳам муҳокама қилинди.

Фундаментал, амалий ва инновацион лойиҳаларни саноат билан интеграция қилиш мақсадида инновацион лойиҳаларни тижоратлаштириш, ўқув режаларни такомиллаштириш учун ишлаб чиқариш корхоналарининг таклифлари асосида мустақил таълим ва танлов фанларини жорий этиш таклифлари кўриб чиқилди.

Бундан ташқари реал муаммоларга асосланган битирув малакавий ишлари ва магистрлик диссертацияларини ишлаб чиқаришда ҳимоя қилиш механизмини йўлга қўйиш, битирув ишларини иш берувчи корхоналар билан интеграция қилиш ҳам амалга оширилади.

Халқаро ҳамкорлик доирасида Малайзиянинг Петронас технологиялар университети (PTU) ва Озарбайжон Республикаси давлат нефт компанияси - “SOCAR” қошидаги Боку олий нефт мактаби билан ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш ҳам режалаштирилмоқда. Учрашувда “1+1” шаклида қўшма таълим дастурини ташкил этиш юзасидан муҳокамалар қилинди.

"Ўзбекнефтгаз" АЖ Ахборот хизмати

web-sayt | instagram | telegram | youtube | facebook