“Ўзбекнефтгаз” ходимаси Миллий кадрлар захирасига киритилди
Аввал хабар берилганидек, “Раҳбар аёллар мактаби” махсус ўқув курсларининг 4-мавсумида “Ўзбекнефтгаз” АЖ Бизнесни истиқболли ривожлантириш департаменти Халқаро ҳамкорлик бўлими бошлиғи Севара Ибрагимова ҳам иштирок этди.
Маълумки, Президент Фармонига асосан ташкил этилган ушбу лойиҳа мамлакатимизда фаолияти ижобий, ташаббускор, ўз соҳаси бўйича билим, тажриба ва етарли кўникмаларга эга етакчи аёлларни қўллаб-қувватлаш ва улар имкониятларини кенгайтиришга қаратилган.
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Бизнес ва тадбиркорлик олий мактабида жорий мавсумда ташкил этилган ўқув курсларида юртимиз бўйлаб бир неча босқичли танлов асосида сараланган 100 нафар аёл қатнашди. 12 ҳафтага мўлжалланган ўқув дастурида юқори малакали экспертлар иштирокида аудитория машғулотлари, маҳорат дарслари, стажировка амалиёти, лойиҳа ишини тайёрлаш ва уни ҳимоя қилиш босқичлари қамраб олинди.
Мавзулар асосан давлат хизматида фаолият юритаётган раҳбар аёлларнинг стратегик фикрлаш, тадбиркорлик, молиявий саводхонлигини ривожлантириш, тизимли таҳлил, сунъий интеллект асослари ва лойиҳаларни қўллаш, муаммоларни манзилли ҳал этиш бўйича кўникмаларини ривожлантиришга йўналтирилган.
Дастур якуни бўйича ўқувларни энг муваффақиятли якунлаган хотин-қизлар хорижий давлатларнинг нуфузли университетлари, илмий марказлари ва компанияларида малака оширишга жалб этилмоқда. Бугунги кунга қадар 4-мавсумнинг 11 нафар тингловчиси Туркия, Венгрия, Италия, Сингапур давлатларида стажировка ўтадилар.
Энг муҳими, тингловчилар Миллий кадрлар захирасига киритилди ва ҳозирда тегишли вазирлик ва идоралар билан захирадаги хотин-қизларни давлат фуқаролик хизматидаги юқори турувчи лавозимларга тавсия этиш бўйича чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.