September 8, 2023

“Ўзбекнефтгаз” АЖ делегациясининг АҚШга ташрифи амалга оширилди

O‘zbekcha Ruscha

Жорий йилнинг 3-6 сентябрь кунлари "Ўзбекнефтгаз" АЖ делегацияси АҚШда амалий ташриф билан бўлиб, “Air Products”, “Honeywell Process Solutions”, “Schlumberger”, “Exxon Mobil” каби дунёдаги йирик компаниялар ҳамда “Vortex Tools” ва “Solar Turbines” компаниялари раҳбарлари билан музокаралар ўтказди.

АҚШ компаниялари билан ўтказилган икки томонлама учрашувларда томонлар қўшма лойиҳаларни амалга оширилишининг бугунги ҳолатини муҳокама қилдилар, шунингдек, ҳамкорликнинг истиқболли йўналишларини алоҳида кўриб чиқдилар.

Хусусан, “Air Products” компанияси Президенти С. Гассеми билан бўлиб ўтган мулоқот чоғида Ўзбекистон Республикасининг энергетика соҳасида янги лойиҳаларни ишлаб чиқиш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Ташриф доирасида “Air Products” технологик марказига ҳам ташриф буюрилди.

“Schlumberger” компаниясининг ижрочи вице-президенти Х. Ал Могарбел билан учрашув ҳам самарали ўтди. Унда ҳозирги қўшма ҳамкорлик муҳокама қилинди, шунингдек, углеводородлар ишлаб чиқаришни кўпайтириш, геологик-қидирув ишларини жадаллаштиришга қаратилган ишлар бўйича кейинги чора-тадбирлар белгилаб олинди.

“Ўзбекнефтгаз” АЖнинг кўп йиллик ҳамкори – “Honeywell Process Solutions” компанияси билан углеводородлар ва синтетик маҳсулотларни чуқур қайта ишлаш лойиҳаларини ривожлантириш режалари муҳокама қилинди. Делегацияни компания президенти П. Маҳешвари қабул қилди.

“Exxon Mobil” компанияси вице-президенти Н. Вон хоним билан самарали музокаралар олиб борилди. Томонлар нефт ва нефт маҳсулотларини чуқур қайта ишлаш жараёнларини лицензиялаш бўйича ҳамкорликни кенгайтириш истиқболларини, шу жумладан, базавий лойиҳалаш, дастурий инжиниринг, лойиҳаларни амалга оширишни қўллаб-қувватлаш ва бошқа йўналишларни муҳокама қилдилар.

“Solar Turbines” компанияси билан энергетика тармоғи учун газ турбинали двигателлар ва водород ишлаб чиқариш имкониятлари кўриб чиқилди. Шу билан бирга, томонлар Ўзбекистонда хизмат кўрсатиш марказини мамлакатдаги салоҳиятли ҳажмларни ҳисобга олган ҳолда ташкил этиш имкониятларини ўрганишга келишиб олдилар.

“Vortex Tools” компанияси президенти А.Миллер билан бўлиб ўтган учрашувда ҳамкорликнинг устувор йўналишлари муҳокама қилинди. Америка томони қудуқларда табиий газ оқимининг кўпайишини таъминлайдиган ечимларни таклиф қилди. Томонлар “Ўзбекнефтгаз” АЖнинг ишлаб чиқариш жараёнларида “Vortex Tools” технологиясини қўллаш имкониятларини ўрганиш учун зарур маълумотларни алмашишга қарор қилдилар.

"Ўзбекнефтгаз" АЖ Ахборот хизмати

web-sayt | instagram | telegram | youtube