“Ўзбекнефтгаз” АЖ халқаро анжуманда ўз тажрибаси билан ўртоқлашди
Тошкент шаҳрида “Ўзбекистон энергетика бозори”га бағишланган халқаро конференция бўлиб ўтди. Тадбир Буюк Британиянинг “Confidence Information Services” компанияси ташаббуси билан “Ўзбекнефтгаз” АЖ кўмагида ташкил этилди. Унда маҳаллий ва халқаро энергетика соҳаси вакиллари, экспертлар, йирик компаниялар раҳбарлари иштирок этди.
Анжуманнинг асосий мақсадларидан бири – мамлакатимиз энергетика бозоридаги тенденцияларни таҳлил қилиш, соҳадаги мавжуд муаммоларни муҳокама этиш ҳамда келгусидаги ривожланиш истиқболларини белгилаб олишдан иборат бўлди.
Тадбирда “Ўзбекнефтгаз” АЖ асосий иштирокчилардан бири сифатида соҳага оид қатор муҳим маърузалар билан қатнашди. Жумладан, маҳаллийлаштириш ва импорт ўрнини босиш, маҳаллий ишлаб чиқарувчилар билан ҳамкорликка бағишланган маърузаларда компания томонидан амалга оширилаётган локализация ишлари, технологик жиҳоз ва бутловчи қисмлар импортига қарамликни камайтиришга қаратилган ташаббуслар ҳамда ишлаб чиқарувчилар билан йўлга қўйилган самарали ҳамкорлик механизмлари тақдим этилди.
Шунингдек, Компаниянинг Ўзбекистон нефт маҳсулотлари бозоридаги ўрни ва аҳамияти мавзусидаги маъруза ҳам иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди. Унда компаниянинг ишлаб чиқариш имкониятлари, модернизация ишлари, логистика тизими ва рақобатбардош маҳсулот ишлаб чиқариш бўйича стратегияси муҳокама қилинди.
Анжуман доирасида иштирокчиларга Бухоро нефтни қайта ишлаш заводида ишлаб чиқариладиган мазутни чуқур қайта ишлаш имкониятлари ҳам тақдим этилди. Шунингдек, “Astara Trans Service”, “Altyn Trans”, “Oiltech Service”, “G MAX Energy Consulting” каби компаниялар раҳбарлари энергетика соҳасидаги ислоҳотлар, янги инвестиция лойиҳалари ва Ўзбекистондаги бизнес муҳити ҳақида ўз фикрларини билдирди.
Шунингдек, мамлакат энергетика тармоғини янада самарали ва барқарор қилиш бўйича қўшма лойиҳалар муҳокама қилинди.