August 26

Импорт ўрнини босувчи маҳсулотларни ўзлаштириш имкониятлари ўрганилмоқда

O‘zbekcha Русча

“Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан маҳаллий ишлаб чиқарувчилар билан саноат кооперация алоқаларини кенгайтириш ва импорт ўрнини босувчи маҳсулотларни ўзлаштириш бўйича ишлар олиб борилмоқда.

Хусусан, Жамият мутахассисларидан иборат ишчи гуруҳ Тошкент вилоятида жойлашган “Чирчиқ” технопаркининг ишлаб чиқариш майдонларида бўлишди.

Кўзланган мақсад - технопарк резидентларининг ишлаб чиқариш салоҳиятини ўрганиш, шунингдек, импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш имкониятларини кўриб чиқишдан иборат.

Дастлаб ишчи гуруҳ технопаркнинг замонавий инфратузилмаси ва логистика имкониятлари билан танишди, шунингдек, кимёвий реагентлар ишлаб чиқарувчи “EASY860” МЧЖ ва “Lab Creator” ҚК МЧЖ корхоналарининг ишлаб чиқариш майдонларини кўздан кечирди.

Музокаралар давомида “EASY860” МЧЖ томонидан ишлаб чиқарилган Антисколант EASY-ST маҳсулоти Шўртан газ кимё мажмуасида саноат тажриба синовларидан ижобий натижа билан якунлангани ва ҳамкорликда импортдан харид қилинаётган Антисколант кимёвий реагентини маҳаллийлаштирилганлиги алоҳида қайд этилди.

Бундан ташқари, Жамият эҳтиёжларидан келиб чиқиб, кимёвий реагентлар бўйича батафсил маълумот тақдим этилди. Маҳаллий корхоналар бу борада индивидуал ечимлар таклиф қилишларини билдирдилар.

Шунингдек, тизим корхоналарида ҳамкорликда импорт ўрнини босувчи сувни тозалаш, нефт тайёрлаш ва саноат ускуналарини ҳимоя қилиш учун мўлжалланган юқори сифатли махсус кимёвий моддалар ишлаб чиқаришни ўзлаштириш, саноат тажриба синовларини ўтказиш, муаммоларни жойида ўрганиб чиқиш ва бартараф этиш бўйича таклифлар муҳокама қилинди.

Учрашув сўнгида томонлар саноат кооперациясини ривожлантириш бўйича истиқболли йўналишларни аниқлаб, ишларни жадаллаштиришга келишди.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати