October 23

Конлардан табиий газ қазиб олишда инсон омили максимал даражада камайтирилмоқда

O‘zbekcha Ruscha

АОКАда ўтказилган брифингда қазиб чиқариш тизимини рақамлаштириш бўйича "E-KON" лойиҳаси ва бугунги кунга қадар амалга оширилган ишлар ҳақида батафсил маълумот берилди.

Хабарингиз бор, "Ўзбекнефтгаз" АЖ тасарруфидаги конларда "Рақамли кон концепцияси" доирасида "E-KON" лойиҳаси амалга оширилмоқда.

“E-KON” — бу конлар ва қудуқларни рақамлаштириш мақсадида жорий этилган инновацион рақамли дастур. Лойиҳа доирасида конларнинг иш режими ва маҳсулдорлиги ҳақидаги маълумотларни онлайн мониторинг қилиш ва бошқариш имкони яратилди.

Таққослаш учун айтиш мумкинки, биргина “Жанубий Кемачи” конини рақамлаштириш ҳисобига, йўқотиш 3 фоизга камайиб, йилига 28 миллион куб метр қўшимча газ олишга эришилди.

2020 йилда "ЎзЛИТИнефтгаз" АЖ катта тажрибага эга компания сифатида "E-KON" лойиҳасини амалга ошириш учун танланди.

Ҳозирги кунда Шўртан, Муборак, Газли ва Водий нефт ва газ қазиб чиқариш бошқармаларида жами 4500 ортиқ босим ва ҳароратни ўлчаш мосламаларидан ҳар 5 дақиқада қудуқнинг ишлаш ҳолати кўрсаткичлари қабул қилиб олиниб, тарихи ёзиб борилмокда. Бунинг учун 86 та алоқа станцияси ўрнатилди. Барча қудуқлар рақамлаштирилиб дастурий таъминотга уланди.

Конлардаги газ йиғув жойларида муҳандис оператор янги лавозими жорий қилиниб, қудуқларда қазиб чиқариш рақамлаштирилган бошқаруви йўлга қўйилди.

Кейинги босқичда яна 80 та газ йиғиш жойида табиий газни дастлабки тайёрлаш ва унинг сарфини ўлчаш қурилмаларини ўрнатиш, улардан маълумот йиғиш, таҳлил қилиш, бошқариш учун ягона дастурий тизимни ишлаб чиқиш режалаштирган.

Ушбу тизим конлардан табиий газ қазиб олишда инсон омилини максимал даражада камайтириш имкониятини кўрсатди. “Ўзбекнефтгаз” АЖнинг барча конларида тадбиқ этилгач, мутахассисларда газ қазиб олишни оптималлаштириш бўйича тезкор қарорларни қабул қилиш кўникма ва малакаларини ошириш, нефт ва газ операцияларини сифат жиҳатдан янги босқичга кўтариш режалаштирилган.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати

web-sayt | instagram | telegram | youtube | facebook