January 10

“Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили”да эришган натижалар  

O‘zbekcha Ruscha

“Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили”да “Ўзбекнефтгаз” АЖ ёшлар билан ишлашга катта аҳамият қаратди. Тизимда ёшлар билан самарали фаолият олиб бориш, уларнинг ишлаб чиқариш жараёнларидаги ўрнини кучайтириш ва ёшлар сиёсатини амалга ошириш мақсадида бир қатор муҳим тадбирлар амалга оширилди.

Ишларни тизимли ташкил этиш мақсадида 2024 йилда Жамият Ёшлар етакчилар кенгаши томонидан "Ёшлар баланси" ва "Ёшлар омбори" шакллантирилди. "Ёшлар баланси"да Жамиятда фаолият юритаётган ёш ходимлар ҳақидаги маълумотлар жамланди. Бу маълумотлар сўров ва суҳбатлар асосида тўпланган бўлиб, уларнинг қизиқишлари, муаммолари, талаб ва таклифларини ўз ичига олган.

Балансга асосланиб, “Ёшлар омбор китоби-2024” ҳам ишлаб чиқилди. Унга мувофиқ, ёшларга оид давлат сиёсатини амалга ошириш юзасидан йил давомида қатор тадбирлар белгилаб олинди.

Ўтган йилда ёшларнинг жамият ҳаётидаги фаоллигини ошириш, уларни янгиликлардан хабардор этиш, ижодий ва интеллектуал салоҳиятларини рўёбга чиқаришга йўналтирилган 718 та тадбир ташкил этилди. Уларга 82 фоиз ёш ходимлар қамраб олинди.

Тошкент вилоятидаги 4-, 9 ва 27-сонли мактаб ҳудудларида “Ўзбекнефтгаз ёшлар марказлари”нинг ташкил этилиши Жамиятга бириктирилган ушбу ҳудуддаги ёшлар билан индивидуал ишлаш тизимини мувофиқлаштиришга ёрдам берди. Бу марказларга Жамиятга бириктирилган оғир тоифадаги ёшлар ва уларнинг оила аъзолари ишга қабул қилинди.

Марказларда ўқув биноси, Workout ва спорт майдонлари мавжуд. Бино хоналари компьютер саводхонлиги, китобхонлик маданияти ва футбол тўгаракларига ихтисослашган. Йил давомида Тошкент туманидаги “Файзобод”, “Эъзоз”, “Бунёдкор” ва бошқа маҳаллалардаги оғир тоифадаги ёшлар билан ҳам аниқ иш олиб борилди. Ёшларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш мақсадида уларга молиявий, психологик, ижтимоий ва тиббий кўмаклар кўрсатилди. Шунингдек, 5 нафар оғир тоифадаги ёшларга ўз тадбиркорликларини йўлга қўйишларига кўмаклашилди.

Келгуси йилларда ҳам ёшлар билан ишлашнинг самарали усуллари ва стратегияларини янада ривожлантириш ҳамда татбиқ этиш режалаштирилган.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Ахборот хизмати

web-sayt | instagram | telegram | youtube | facebook