Талабалар амалиёт билан таништирилди
И.М. Губкин номидаги Россия давлат нефт ва газ университетининг Тошкент шаҳридаги филиали бир гуруҳ талабалари “Ўзбекнефтгаз” АЖ Марказий аппаратига экскурсия қилишди.
Жамият томонидан рақамлаштириш борасида амалга оширилаётган жараёнлар, хусусан, Диспетчерлик хизмати, Моделлаштириш ва Бурғилаш ишларини бошқариш марказлари фаолияти бўлғуси мутахассисларда катта қизиқиш уйғотди.
Ёшларга дастлаб, углеводород конлари, мавжуд геологик-техник маълумотларни рақамлаштириш ва ягона маълумотлар базасини шакллантириш ҳамда уни доимий равишда юритиб бориш мақсадида ташкил этилган Моделлаштириш маркази фаолияти ҳақида сўзлаб берилди.
Шундан сўнг, реал вақт режимида бурғилаш жараёнларини кузатиб бориш имконини берувчи Бурғилаш ишларини бошқариш маркази фаолияти билан яқиндан танишилди. Замонавий технологиялар ва масофавий мониторинг тизимлари туфайли марказда юзага келиши мумкин бўлган авария ва бахтсиз ҳодисаларни тезкор аниқлаш ва олдини олиш усуллари ҳақида батафсил маълумотлар берилди.
Шунингдек, ёшлар Марказий ишлаб-чиқариш диспетчерлик хизматида қудуқлардан қазиб олинаётган нефт ва газ, жойларда олиб борилаётган бурғилаш ва капитал таъмирлаш ишлари, маҳсулот қуйиш эстакадаларидаги қолдиқлар, маҳсулотларни истеъмолчиларга етказиб бериш ҳолатлари бўйича маълумотларни тезкор онлайн тарзда тўплаш жараёнларида иштирок этишди.