“Ўзбекнефтгаз”: Андижондаги конлардан нефть қазиб олиш ҳажми оширилмоқда
Маълумки, газ конларини қидириш ва ўзлаштириш, мавжудларини модернизация қилиш мақсадида “Ўзбекнефтгаз” АЖ билан биргаликда бир қанча қўшма корхоналар ташкил этилган.
“АНДИЖАНПЕТРО” қўшма корхонаси ҳам Водий ҳудудидаги конлардан нефть қазиб олиш ҳажмини оширишга қаратилган лойиҳани амалга ошириш ишлари билан шуғулланади. Ушбу қўшма корхона “Ўзбекнефтгаз” АЖ ва Россиянинг “Зарубежнефт” АЖ томонидан 2019 йилда ташкил этилган.
Қўшма корхона томонидан айни пайтда “Зарубежнефт” АЖнинг замонавий технологияларидан фойдаланган ҳолда “Хартум”, “Шарқий Хартум" ва "Жанубий Оламушик" конларда нефть қазиб олишни кўпайтириш бўйича инвестиция лойиҳаси амалга оширилмоқда.
Ушбу лойиҳа доирасида шу пайтга қадар қудуқлар захираси бўйича жами 117 та геологик-техник чора-тадбирлар амалга оширилди.
Натижада жорий йилнинг 1 апрель ҳолатига нефть қазиб олиш ҳажми 58,8 минг тоннани ташкил этди.
Инвестицион лойиҳа доирасида 2021 йилда Ўзбекистон Республикаси аккредитация марказининг техник малака тасдиғи олиниб янги кимёвий-аналитик лабораторияси қурилиб фойдаланишга топширилди.
Айни пайтгача “Жанубий Оламушук” конининг 20 та қудуғида телемеханика тизими ускуналари ўрнатилиб, ишга тушириш ва созлаш ишлари якулланди. Ҳозирги кунда “Хартум” ва “Шарқий Хартум” конларидаги яна 20 та қудуқда телемеханикани кенгайтириш лойиҳаси амалга оширилмоқда.
Сарф харажатларни камайтириш мақсадида қазиб чиқариш объектларига энергия сарфини тежовчи ускуналар жорий қилинмоқда. Ушбу мақсадда 9 та гидравлик ва 2 та штангали насосларнинг чизиқли узатмалари жорий этилди. Бу эса 1 та қудуқда хизмат кўрсатиш бўйича операцион харажатларни 80 фоизгача камайтиришга имкон берди.
Маълумот учун қайд этиш жоизки, гидравлик узатмадан фойдаланилганда 1 та қудуқда сарфланадиган электр энергиясини 50 фоизгача камайтиришга эришилади.
Лойиҳа доирасида “Жанубий Оламушук” нефтни тайёрлаш иншоотида қуйидаги ишлар амалга оширилди:
• 2 та иситиш линияли мослама ўрнатилди.
• Авария ҳолатдаги 29 километрдан зиёд нефть йиғувчи коллекторлар алмаштирилди.
• Умумий узунлиги 2,3 километр бўлган юқори босимли сув қувурлари ва мавжуд захиралардан фойдаланилган ҳолда 12 км қувурлар тортилди.
• 4 та РВС (вертикал резервуарлар) таъмирланди.
Қудуқлардан қазиб олинаётган нефть дебитини ошириш мақсадида 2023 йилда стеклопластик штангаларни ўрнатиш ва плунжерли тушириладиган чизиқли двигателларни жорий этиш режалаштирилган.