“Uzbekistan GTL” заводи халқаро мукофот билан тақдирланди
“Uzbekistan GTL” заводи делегацияси Хитой Халқ Республикасининг Шанхай шаҳрида бўлиб ўтган “CSSOPE 2023” саммитида иштирок этди.
“Бир камар – бир йўл”ташаббуси доирасидаги муносабатларни ривожлантириш мақсадида ташкил этилган саммитда нефть, газ ва кимё саноати учун ускуналар ишлаб чиқарувчи компания вакиллари иштирок этишди.
Унда “Uzbekistan GTL” заводи минтақадаги энг йирик инвестиция лойиҳа сифатида эътироф этилди. Мегалойиҳанинг муваффақиятли амалга оширилиш тажрибаси алоҳида намойиш этилди ва завод “Purchaser Superstar” мукофоти билан тақдирланди.
Шунингдек, делегация аъзолари нуфузли йирик компаниялар вакиллари билан ўтказилган учрашувларда келгусидаги ўзаро манфаатли ҳамкорлик алоқаларини муҳокама қилдилар.
Саммит кун тартибига кўра, иштирокчилар Хитойдаги нефть-кимё саноати учун асбоб-ускуналар ва бутловчи қисмларни ишлаб чиқарувчи “Baowu Special Metallurgy Co., Ltd” ва “Dragon Industries” компанияларига қарашли дунёга машҳур заводларга ташриф буюрди.