November 30, 2022

“Ўзбекнефтгаз”: Комплаенс назорат орқали нефть базага етказилган 4 149,2 млн сўмлик зарар ва камомадлар жамият ҳисобига ундирилди

Бош саҳифа Русский

Бугунги кунда мамлакатимизда коррупцияга қарши курашишда комплекс ислоҳотларни амалга оширишда 2019 йил 27 майда Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан имзоланган “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармон дастуруламал бўлмоқда. Ушбу Фармон билан коррупцияга қарши курашиш чораларини кучайтириш мақсадида корхона ва ташкилотларда комплаенс назорат тизимини жорий этиш вазифаси белгиланди.

“Ўзбекнефтгаз” АЖда ҳам Бошқарув раиси Меҳриддин Абдуллаевнинг топшириғи билан Молиявий ва комплаенс назорати департаменти ташкил этилиб, акциядорлик жамияти тасарруфидаги корхона ва заводларнинг барчасида Молиявий ва комплаенс назорат инспекторлари лавозимлари жорий қилинди.

Комплаенс инспекторлар зиммасида биринчи навбатда нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармалари, қайта ишлаш заводлари ва тайёр маҳсулотни сақлаш ва тарқатиш базаларида содир этилиши мумкин бўлган коррупцион ва бошқа ноқонуний ҳати-ҳаракатлар рўйхатини аниқлаб олиш вазифаси қўйилди. Шу орқали коррупцион ва бошқа ноқонуний хатти-ҳаракатларни барвақт олдини олишга эришилмоқда.

Хусусан, “Навоий нефть базаси” МЧЖда ҳам жамият рахбарияти ва комплаенс инспекторлари билан ҳамкорликда бир қатор ишлар амалга оширилиб келинмоқда.

Жумладан, 2022 йилнинг февраль-март ойларида ходимлар иштирокида ўтказилган аноним сўровномалар натижаларига асосан “Навоий нефть базаси” МЧЖ ва унга қарашли филиаллари бўйича коррупция кўрсаткичи паст даражани ташкил этиб, 88,8 фоиз ҳолатда коррупция йўқ эканлиги, 5,9 фоиз ҳолатда коррупция ўртача эканлиги, 3,1 фоиз ҳолатда эса паст даражада ва 2,2 фоиз ҳолатда юқори даражада эканлиги бўйича жавоблар белгиланган.

Мазкур сўровномалар натижалари асосида жамият, филиаллар ва бўлимлар кесимида алоҳида хавф-хатарлар рўйхатлари шакллантирилди ҳамда 2022 йил учун “Навоий нефть базаси” МЧЖда юзага келиши мумкин бўлган коррупцион ва бошқа хавф-хатарларни олдини олиш бўйича ишлаб чиқилган чора-тадбирлар режаси асосида тадбирлар амалга оширилмоқда.

Бундан ташқари “Манфаатлар тўқнашувини бошқариш тўғрисида”ги Низом талабларига мувофиқ тор махаллийчилик, непотизим (оға-иничилик) ва бошқа ҳолатларни олдини олиш, юзага келиш сабабларини ўрганиш ва бартараф қилиш мақсадида раҳбар ва масъул ходимлардан декларациялар тўлдириб олинди.

Декларация тўлдирган жами 74 нафар ходимдан 14 нафарининг яқин қариндошлари тизим корхоналарида ишлаб келаётганлиги маълум бўлди. Ушбу ходимлар орасида 6 та ҳолатда манфаатлар тўқнашуви мавжудлиги аниқланди. Бугунги кунда олиб борилган тушунтириш ва тарғиботлар натижасида жамиятдаги реал манфаатлар тўқнашувини юзага келтирувчи ҳолатлар тўлиқ бартараф этилди.

Шунингдек, ўтказилган мониторинг ва таҳлиллар, ўрганишлар натижасида жамият ва унинг филиалларида 2021 йилда жами 1 798,7 млн сўмлик молиявий хато ва камчиликлар аниқланган бўлса 2022 йилнинг ўтган даврида 6 300,9 млн сўмлик молиявий хато ва камчиликлар аниқланиб, бартараф этилди. Етказилган 4 149,2 млн сўмлик зарар ва камомадлар жамият ҳисобига ундирилиши таъминланди.

Бундан ташқари ходимларнинг саводхонлигини ошириш орқали коррупцияга қарши курашиш мақсадида жорий йилнинг ўтган 10 ойлик даврида 7 марта ўқув семинарлари ўтказилди.

Хулоса ўрнида айтиш лозимки, ҳар қандай жамиятда инсон омили қатнашмаган жараёнда коррупцион хавф-хатарларни минимал ҳолатга келтиришга ёки бутунлай йўқ қилинишига эришиш мумкин, биз назоратни қуйи поғонадан бошламас эканмиз, камчиликлар ва қонун бузилиш ҳолатлари юзага чиқаверади ёхуд назорат ва тартиб бор жойда ривожланиш бор.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати

#нефть#газ#энергия#скважин#инвестиция#добыча#углеводород#экономика#завод#нефтебаза#қудуқ#кон#иқтисод#аёқш

|web-sayt|facebook|instagram|telegram|vk.com|YouTube|twitter|