“Ўзбекнефтгаз”: Бухоро нефтни қайта ишлаш заводида модернизация ва режали капитал таъмирлаш ишлари олиб борилди
Бухоро нефтни қайта ишлаш заводининг Технологик жараёнларни бошқаришнинг автоматик тизими, Аварияга қарши автоматик ҳимоя тизими ҳамда технологик зонасида модернизация қилиш ишлари олиб борилди.
Маълумот учун қайд этиш жоизки, заводда амалга оширилаётган модернизация қилиш ишлари Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2016 йил 22 декабрда қабул қилинган “Саноат тармоқлари корхоналарининг жисмоний ишдан чиққан ва маънавий эскирган машина-ускуналарини жадал янгилаш, шунингдек, ишлаб чиқариш харажатларини камайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ амалга оширилди.
Модернизациянинг асосий мақсади автоматлаштирилган бошқарув тизимининг ишончлилиги ва носозликларга чидамлилигини оширишдан иборат.
Жиҳозларининг хавфсизлиги ва ишончлилигини ошириш, маҳсулотларнинг сифатини янада яхшилаш ҳамда ишлаб чиқариш узлуксизлигини таъминлаш мақсадида режали капитал таъмирлаш ишлари ҳам бажарилди.
Технологик қурилмаларни мукаммал таъмирлаш даврида қуйидаги ишлар амалга оширилади:
• Газ конденсати ва нефть хом-ашёси аралашмасини атмосфера босими остида ҳайдаш ва гидротозаланган нафтани фракциялаш қурилмасида таъмирлаш ишлари олиб борилди.
• Технологик қурилмаларда жойлашган иссиқлик алмашиниш аппарати қувур тўпламлари гидромеханик усулда тозаланди ва бир қисми алмаштирилди.
• Каталитик риформинг блокидаги барча реактор қурилмалари, регениратор, сиғимлари тозаланди ва техник кўрикдан ўтказилди.
• Газларни фракцияларга ажратиш қурилмасидаги барча сиғимлар, устунлар, иссиқлик алмашиниш аппаратлари тозаланди ва босим остида сув билан синалиб, техник кўрикдан ўтказилди.
• Технологик қурилмаларда жойлашган барча реакторлар, устунлар, регенератор, акустик эмиссия усули ёрдамида текширилди ва металлография қилинди.
Ўз навбатида, тасдиқланган жадвалга кўра, алмаштирилиши режалаштирилган катализаторлар ва кимёвий реагентлар янги турдагисига алмаштирилди.
Таъкидлаш жоизки, амалга оширилган барча ишлар хавфсизлик техникаси, саноат ва ёнғин хавфсизлиги қоидаларига қатъий риоя қилинган ҳолда кечаю кундуз ташкил этилди.