October 16

Импорт ўрнини босувчи маҳсулот ва хизматларни ўзлаштириш имкониятлари ўрганилмоқда

O‘zbekcha Ruscha

Маҳаллий ишлаб чиқарувчилар билан кооперация алоқаларини кенгайтириш ишлари доирасида “Ўзбекнефтгаз” мутахассисларининг “Ўзбекхиммаш заводи”га сафари ташкил этилди.

Тадбир доирасида саноат кооперацияси, янги турдаги маҳсулот ва хизматларни ўзлаштириш масалалари ҳамда узоқ муддатли ҳамкорлик режалари муҳокама қилинди.

Қайд этиш жоизки, сўнгги икки йил ичида корхоналар ўртасида 138 миллиард сўмлик имзоланган 15 та шартнома амалга оширилмоқда.

Шу ўринда ушбу заводнинг Жамият томонидан амалга оширилаётган “E-KON” лойиҳаси учун технологик ускуналарни ишлаб чиқаришдаги катта ҳиссасини қайд этиш зарур.

Навбатдаги учрашувда завод мутахассислари томонидан ўтказилган тақдимотда режали таъмирлашни тезлаштириш мақсадида захира қисмларни ишлаб чиқариш муддатларини қисқартириш имкониятлари кўрсатиб ўтилди.

Музокаралар чоғида “Ўзбекхиммаш заводи” ҳудудида таъмирланиши керак бўлган ускуналарни сақлаш ва уларни янгиларига алмаштириш бўйича ягона “Trade in” марказини ташкил этиш имкониятлари муҳокама қилинди.

Импорт ўрнини босувчи ускуналар ишлаб чиқариш, тажриба-саноат синовлари ўтказиш, шунингдек, уларнинг техник ҳужжатларини биргаликда тайёрлаш бўйича ҳамкорликни давом эттиришга келишилди.

Бундан ташқари, аппаратлар, қувурлар, иссиқлик алмаштиргичлар ва бошқа ускуналарга термик ишлов бериш орқали қопламаларни қўллаш борасида янги технологияларни жорий этишнинг иқтисодий самарадорлигини биргаликда кўриб чиқиш бўйича дастлабки келишувларга эришилди.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати

web-sayt | instagram | telegram | youtube | facebook