Янги турдаги импорт ўрнини босувчи маҳсулотларни ўзлаштириш имкони кўриб чиқилди
“Ўзбекнефтгаз” АЖ маҳаллий ишлаб чиқарувчилар билан саноат кооперация алоқаларини мустаҳкамлаш ва импорт ўрнини босувчи маҳсулотларни ички бозорда ўзлаштириш мақсадида бир қатор ташаббусларни амалга оширмоқда. Бу жараён доирасида турли учрашувлар, ҳамкорлик ҳамда янги имкониятларга катта эътибор қаратилмоқда.
Навбатдаги учрашув “OIL TOOLS FACTORY” МЧЖ раҳбарияти билан бўлиб ўтди. Унда “Ўзбекнефтгаз” АЖ мутахассисларига корхонанинг ишлаб чиқариш имкониятлари ва қувватлари ҳақида маълумот берилди.
Корхона Тошкент шаҳрида жойлашган бўлиб, бурғилаш ускуналарини таъмирлаш ва қайта тиклаш бўйича замонавий сервис маркази сифатида фаолият юритмоқда. Корхона замонавий токарлик, силликлаш, пайвандлаш ҳамда дефектоскопия дастгоҳлари билан жиҳозланган.
Учрашувда “Ўзбекнефтгаз” АЖ тизим корхоналари ва бошқармаларининг йиллик эҳтиёжлари ҳақида маълумотлар берилди. Шунингдек импорт ўрнини босувчи маҳсулотларни ишлаб чиқариш ҳамда маҳаллий ишлаб чиқарувчилар билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича музокаралар олиб борилди.
Мулоқот натижасида “OIL TOOLS FACTORY” МЧЖ томонидан “Ўзбекнефтгаз” АЖ тизим корхоналари учун турли хил PDC маркали долоталарни таъмирлаш ва қайта тиклаш хизматларини амалга оширишга тайёрлиги маълум қилинди. Ушбу ҳамкорлик нафақат импортни минималлаштириш, балки маҳаллий ишлаб чиқаришни ривожлантиришга ҳам катта ҳисса қўшади.
Учрашув сўнггида Жамият мутахассислари корхона ишлаб чиқариш объектига борган ҳолда муаммоларни жойида ўрганиб чиқиш ва бартараф этиш бўйича аниқ таклифлар тайёрлашга келишиб олинди.