March 18

Устюрт ҳудудида яна бир қудуқ муддатидан аввал бурғилаб тугатилди

O‘zbekcha Ruscha

“Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан газ қазиб чиқариш жараёнларини рақамлаштириш, янги ёндашувларни қўллаш, бурғилаш вақтини қисқартириш бўйича олиб борилаётган ишлар ўз самарасини бермоқда.

Ўтган йили “Қуйи Шарқий Бердах” конига қарашли, режа бўйича 150 кунда бурғилаб тугатилиши керак бўлган 17-сонли қудуқ 82 суткада бурғилаб тугатилгани хақида хабар берилган эди.

Ушбу тажриба 20-сонли қудуқда ҳам қўлланилиши натижасида бурғилаш ишлари 83 кунда тугатилди. Қудуқда бурғилаш ишлари 2023 йил 25 декабрда бошланиб, жорий йилнинг 17 мартида якунланди.

Бурғилаш дастгоҳининг замонавий талаб даражасида жиҳозланиши, "кунлик-режа" назоратининг тўлиқ рақамлаштирилгани, соҳа фидойиларининг захмати билан муддат 64 кунга қисқарди.

Бу Устюрт минтақасидаги лойиҳавий чуқурлиги 4500 метр бўлган қудуқларни бурғилаш бўйича иккинчи энг яхши натижадир.

Устюрт ҳудуди табиатининг қиш кунларидаги инжиқликларида ишлаш қанчалик қийин бўлишига қарамасдан ўз вазифаларини аъло даражада адо этган бурғилаш жамоаси ишчиларининг заҳматли меҳнати раҳбарият томонидан муносиб рағбатлантирилиши белгилаб олинди.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Ахборот хизмати

web-sayt | instagram| telegram | youtube | facebook