“Save Aral – GTL” оммавий югуриш мусобақаси бўлиб ўтди
Мамлакатимизда аҳоли ўртасида спортни янада оммалаштириш, юртдошларимиз орасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб этиш - давлат сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади.
Бу борада амалга оширилаётган кенг кўламли чора-тадбирлар доирасида Ғузор тумани Шўртан қўрғонида “Save Aral – GTL” оммавий югуриш мусобақаси бўлиб ўтди.
Унда 7 ёшдан 70 ёшгача бўлган 1500 нафарга яқин аҳоли вакиллари фаол иштирок этишди. Мусобақа "Uzbekistan GTL" ишчилар шаҳарчаси ёнидан старт олиб, иштирокчилар "Uzbekistan GTL" заводигача бўлган 3 км масофани босиб ўтдилар.
Мазкур югуриш мусобақаси Орол денгизи атрофидаги экологик вазиятга кенг жамоатчилик эътиборини жалб қилишга қаратилганлиги билан ҳам аҳамиятлидир.
Кўтарингки руҳда ўтган мусобақа якунида 16 та турли номинация бўйича ғолиб ва совриндорлар аниқланди ҳамда улар ташкилотчилар томонидан қимматбаҳо эсдалик совғалари билан тақдирландилар.