May 18, 2023

“Ўзбекнефтгаз”: “Ўзбекистон нефть ва гази - OGU-2023” 25-халқаро кўргазмаси доирасида ёш олимлар илмий-инновацион семинари ўтказилди 

O‘zbekcha Ruscha

“Ўзбекистон нефть ва гази - OGU-2023” 25-халқаро кўргазмаси ҳамда Ўзбекистон Республикасининг 3-халқаро энергетика форуми - UEF-2023 доирасида ёш олимлар илмий-инновацион семинари бўлиб ўтди.

“Ўзбекистон нефть ва газ саноатининг ривожида ёшларнинг тутган ўрни” мавзусига бағишланган семинарга 10 дан ортиқ олий таълим муассасалари ва илмий текшириш институтларининг бакалавр, магистр ва илмий ходимларидан 50 га яқин таклифлар келиб тушди.

- Ишончим комилки, ушбу семинар ёш олимларимиз учун ўз билим ва илмий ишлари долзарблигини кўрсатиб бериш учун майдон вазифасини ўтайди. Бу ўз навбатида, ёш олим ва ишлаб чиқариш ўртасида ўзаро муносабатларни ва илмий-инновацион соҳадаги салоҳиятимизни янада ривожлантиришда янги имкониятларни очади, - дейди семинарнинг очилиш маросимида сўзга чиққан “Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари Б. Усмонов.

Таъкидланганидек, ушбу семинар ўқув юртлари билан биргаликда кадрлар тайёрлаш соҳасида ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва ривожлантириш, соҳада илмий даражали мутахассисларни кўпайтириш, илмий тадқиқот ишларини олиб бораётган ёш олимларга қўшма раҳбарлик асосида илмий тадқиқотлар олиб боришда кенг йўл очади.

“Ёш олимлар” илмий-инновацион семинарида жами 16 та мавзу бўйича маърузалар ичидан қуйидагилари ғолиб ўринларга саралаб олинди.

1-ўрин – И.М.Губкин номидаги (МТУ) Россия давлат нефть ва газ университетининг Тошкент шаҳридаги филиали 4-курс талабаси Дилшод Норматов.

2-ўрин – И.Каримов номидаги Тошкент давлат техника университети магестранти Амирбек Уранов.

3-ўрин – Бухоро нефть ва газ саноат коллежи ўқитувчиси Бехруз Мансуров.

Биринчи ўринга лойиқ деб топилган маърузачига ноутбук, иккинчи ўринга планшет ва учинчи ўринга телефон ва дипломлар тақдим қилинди.

Семинарда иштирок этган 13 та маърузачига ҳам сертификатлар тақдим қилинди. Иштирокчиларнинг мақола ва тезислари жамланма сифатида чоп этилди.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати

|web-sayt|instagram|telegram|