June 9

Татаристон саноат кластерлари билан кооперация алоқалари кенгаймоқда

O‘zbekcha Ruscha

“Иннопром-2025” халқаро саноат кўргазмаси доирасида эришилган келишувлар асосида “Ўзбекнефтгаз” АЖ мутахассислари ва Татаристон Республикаси Саноат кластерлари вакиллари ўртасида видеоконференцалоқа шаклида икки томонлама учрашув ташкил этилди.

Учрашувдан кўзланган асосий мақсад энергетик машинасозлик соҳасидаги ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилиш ва кооперация алоқаларини кенгайтиришга хизмат қилувчи қўшма лойиҳаларни амалга ошириш имкониятларини кўриб чиқишдан иборат бўлди.

Тадбирда Татаристон Республикаси Саноат кластери вакиллари томонидан “Энергетик машинасозлик маҳсулотларини илгари суриш бўйича ягона марказ” лойиҳаси тақдим этилди.

Ушбу ташаббус минтақадаги корхоналарнинг юқори технологияли маҳсулотларини жаҳон бозорига, жумладан, МДҲ бозорларига чиқаришда ҳамкорликни мувофиқлаштиришга қаратилган.

Мутахассислар томонидан нефт-газ саноати учун комплекс технологик ечимларни ишлаб чиқиш, ишлаб чиқариш ва етказиб бериш соҳасидаги ҳамкорлик имкониятлари алоҳида муҳокама этилди.

Шунингдек, энергетика, нефт-кимё, нефтни қайта ишлаш, металлургия ва машинасозлик соҳаларида тўлиқ инжиниринг циклини амалга оширадиган “КЭР-Холдинг” бошқарув компаниясининг фаолияти юзасидан тақдимот бўлиб ўтди.

Бундан ташқари, “AR SERVICE – Цифровой инспектор” компанияси томонидан ишлаб чиқилган маҳсулотлар орқали назорат самарадорлигини ошириш учун мўлжалланган қўшимча реаллик (AR) технологияларига асосланган инновацион ечимлар тақдим этилди.

Томонлар бу каби AR-технологияларни ишлаб чиқариш жараёнларига жорий этиш имкониятларини ва саноат-технологик кооперация истиқболларини муҳокама қилишди.

Учрашув якунида тақдим этилган маълумотларни батафсил ўрганиш, таклиф этилган йўналишлар бўйича қўшимча ишлаб чиқиш ишларини олиб бориш ҳамда ўзаро манфаатли ҳамкорликни амалий йўлга қўйиш бўйича келишиб олишди.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Ахборот хизмати